Хабар берилганидек, бугун, 12 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўтказилди. Ялпи мажлис кун тартибидаги масала – Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 2020 йил якуни бўйича вилоятлар бюджетларининг, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан шакллантирилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ўрганиш натижалари муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, Олий Мажлис Сенати Ишчи гуруҳи томонидан Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 2020 йил якуни бўйича вилоят бюджетларининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан шакллантирилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши ўрганилди. Ўрганиш ва таҳлиллар мазкур ҳудудларда маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари ижроси борасида муайян ишлар амалга оширилганлигини кўрсатди.
Хусусан, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида 128,6 млрд. сўм қўшимча захира аниқланиб, бюджетга 125,6 млрд. сўм ундирилган.
Маҳаллий бюджетларда жами 1 трлн. 193,4 млрд. сўм бюджетга қўшимча манбалар шакллантирилган. Улар ҳисобидан 1 трлн. 151,9 млрд. сўмлик харажатлар амалга оширилган.
Шу билан бирга, мажлисда ўрганиш давомида маҳаллий бюджет ижросини таъминлашда хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқлангани таъкидланди.
Бюджет кодексининг 126-моддаси талабларига риоя қилинмаган ҳолда, вилоят, туман ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорлари қабул қилинмасдан Бухоро вилоятида 3,5 млрд. сўм, Фарғона вилоятида 38,5 млрд. сўм маблағ сарфланган.
Андижон вилоятида 18,5 млрд. сўмлик, Фарғона вилоятида 225,7 млрд. сўмлик маблағлар турли тадбирларга йўналтирилгандан сўнг тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қарорлари қабул қилинган.
Андижон вилоятида 1,3 млрд. сўм, Бухоро вилоятида 3,2 млрд. сўм, Самарқанд вилоятида 2,5 млрд. сўм, Фарғона вилоятида 5,2 млрд. сўм маблағ тегишли бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилмаган ташкилотларни сақлаб туришга йўналтирилган.

Булунғур ва Нарпай туманларида маблағлар биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга эмас, туман ҳокимликлари учун қимматбаҳо автотранспорт воситаларини харид қилишга ажратилган.
Айнан, мазкур туманларда 8 та умумтаълим мактаби, 9 та мактабгача таълим ташкилоти ва 5 та соғлиқни сақлаш муассасаси ўта таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.
Бундан ташқари, ҳудудларда янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида тузилган жамғармаларга Бухоро вилоятида 3,5 млрд. сўм ажратилган бўлса, Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ушбу жамғармага умуман маблағ йўналтирилмаган.
Ваҳоланки, 2020 йилда ҳам мазкур вилоятлардаги ишсизлик республика ўртача даражасидан юқорилигича сақланиб қолган.
Қолаверса, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун ва қонуности ҳужжатлари талабларига риоя этмасдан Андижон вилоятида 1,4 млрд. сўмлик, Бухоро вилоятида 399,0 млн. сўмлик, Самарқанд вилоятида 2,1 млрд. сўмлик, Фарғона вилоятида 7,1 млрд. сўмлик харидлар тегишли равишда ахборот порталига эълонлар жойлаштирмасдан, тендер, танлов ва аукционсиз тўғридан-тўғри тузилган шартномалар орқали амалга оширилган.
Шунингдек, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидаги қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш мақсадида “Очиқ бюджет” порталида аҳолини хабардор қилиш ва уларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича етарли ишлар олиб борилмаган.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.






