Туркияда ўтказилган анъанавий "Turkish Open" халқаро турнири ўз поёнига етди. Мусобақанинг сўнгги куни вакилларимиз учун омадли келди, спортчиларимиз битта олтин ва учта бронза медалига эга чиқишди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хабар берди.

Дастлаб қизлар ўртасида -49 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Мадинабону Маннопова ярим финалга қадар етиб келди ва финал остонасида испаниялик Адриана Серезо Иглесиасга сўнгги сонияларда имкониятни бой бериб, мусобақанинг бронза медалини қўлга киритди.
-46 кг вазн тоифасида яна бир спортчимиз Шоҳсанам Аъзамова ҳам ярим финалга қадар етиб келди ва туркиялик Амине Гогебаканга имкониятни бой бериб қўйди. Шундай қилиб Шоҳсанам ҳам бронза медалига сазовор бўлди.
Қизларимизнинг ғалабаларини йигитлар ҳам давом эттиришди. -80кг вазн тоифасида даянга чиққан ўзбекистонлик Шуҳрат Салаев ўз юришини ярим финалда тўхтатди ва бронза медалига эга чиқди.
Ниҳоят мусобақадаги сўнгги вакилимиз, -80кг вазн тоифасида жанг қилган яна бир ҳамюртимиз Никита Рафалович барча рақибларини мағлуб этган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. У финалда марокашлик Ашраф Маҳбубини 13:11 ҳисобида мағлуб этди.
Шу тариқа "Turkish Open-2021" мусобақасида Ўзбекистон терма жамоасининг 17 нафар аъзоси жами 8та медални қўлга киритди.
Улуғбек Рашитов, Нигора Турсунқулова ҳамда Никита Рафалович олтин медалларга эга чиқишган бўлса, Чарос Қаюмова, Шоҳруҳ Ражабов, Мадинабону Маннопова, Шоҳсанам Аъзамова ва Шуҳрат Салаев бронза медалларини қўлга киритишди.
Бу кўрсаткич орқали миллий терма жамоамиз норасмий умумжамоа ҳисобида фахрли 3-ўринни қўлга киритишди. Биз ушбу муваффақиятлар билан вакилларимизни табриклаймиз ва ғалабали одимлар бардавом бўлишини тилаймиз.







