Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Канвондо провинцияси, Янггу округи администрацияси (маҳаллий ҳокимлиги) ўртасида тузилган мавсумий ишчилар тўғрисидаги келишувга асосан 2021 йил 16-17 март кунлари Наманган вилоятида Корея Республикаси Янггу округи ҳудудида 5 ойлик мавсумий ишларда (Е-8 визаси) вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар учун Корея Республикаси компанияси вакиллари томонидан танлов ўтказилади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Танловда иштирок этиш ниятида бўлган фуқаролар учун Корея томонидан қуйидаги талаблар қўйилган:
1. Наманган вилояти ҳудудида охирги 3 йил давомида доимий рўйхатда туриб истиқомат қилувчи фуқаро бўлиши.
2. Корейс тилини билиши (суҳбат корейс тилида бўлиб ўтади).
3. 35-45 ёш оралиғида бўлиши.
4. Оилали (ажрашмаган) бўлиши.
5. Мавсумий ишлар (қишлоқ хўжалиги) бўйича тажрибага эга бўлиши.
6. Соғлом, юқумли касалликларга чалинмаган бўлиши.
7. Судланмаган бўлиши.
8. Корея Республикаси ҳудудига кириш учун тақиқ бўлмаслиги.
9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқишга тақиқи мавжуд бўлмаган ва хорижга чиқиш паспортига эга бўлиши лозим.
Танловда иштирок этиш мутлақо бепул.
Танлов жараёни “YOU TUBE” канали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.
Танловдан муваффақиятли ўтган фуқаролар кореялик вакиллар томонидан ўрнатилган тартибда кетишдан олдинги ўқитиш ва 14 кунлик мажбурий карантинда сақланади.
Танлов Наманган шаҳрида жойлашган “Мономарказ” биносида бўлиб ўтади.