АсосийSport

Расман: «Сўғдиёна»–«Турон» учрашуви бош ҳаками Виктор Серазетдинов ҳакамликдан четлатилди

'Расман: «Сўғдиёна»–«Турон» учрашуви бош ҳаками Виктор Серазетдинов ҳакамликдан четлатилди'ning rasmi

14 март куни Ўзбекистон Суперлигасининг 2-туридан ўрин олган «Сўғдиёна» — «Турон» учрашувида юзага келган ҳолатлар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган эди. «Турон» жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўйиндан кейин айнан ҳакамлик ҳамда футболдаги коррупция ҳақида гапириб, уларни ким назорат қилишини, қачон бундай ҳолатларга нуқта қўйилиши ҳақида сўраган эди.

Мутахассислар «Сўғдиёна» — «Турон» учрашуви видео-лавҳасини қайта кўриб, вазиятларни синчковлик билан ўрганиб чиқди. Таҳлил натижасида, бош ҳакам Виктор Серазитдинов учрашувнинг 29-дақиқасида «Сўғдиёна» дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгиламаганлиги аниқланди. Шунингдек, бош ҳакам 52-дақиқада «Турон» футболчиси ўз жарима майдонида тўпни қўли билан ўйнади дея баҳолаб, пенальти белгилаган вазият хато эканлиги Қўмита вакиллари томонидан қайд этилди.

ЎФА Ҳакамлик қўмитасининг якуний қарорига мувофиқ, қўпол хатоларга йўл қўйганлиги ҳамда ушбу хатолар ўйин натижасига таъсир ўтказганлиги сабабли Виктор Серазитдиновнинг мазкур учрашувдаги фаолияти қониқарсиз деб баҳоланди ва ҳакамлик фаолиятидан номуайян муддатга четлатилди.

Шунингдек, ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси томонидан мазкур ҳолат бўйича тегишли маълумотлар, мазкур футбол учрашуви қайдномаси ва инспектор ҳисоботи, видеоматериалларни ўрганиб чиқиш ишлари бошланди. Ноқонуний ҳолатлар аниқланган тақдирда ЎФА Этика қўмитаси тегишли тартибда кўриб чиқиб, якуний қарорларни қабул қилади.

Бошқа янгиликлар