Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна орта бошлаши ортидан 15 март куни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида махсус йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Бугун, 15 март куни пойтахт ҳокимлигида Тошкент шаҳрига коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар штаби раҳбари, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида махсус йиғилиш бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари, шаҳар сектор раҳбарлари, туман ҳокимлари ва бошқармалар раҳбарларидан иборат штаб аъзолари ҳам қатнашган йиғилишда сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари ортаётгани юзасидан Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ахбороти тингланган.
Шунингдек, мавжуд вазиятни назоратга олиш, шаҳарнинг барча туманлари, маҳаллалари, иш жойлари ва таълим масканлари, шунингдек, аҳоли кўп тўпланадиган бозорлар ва савдо марказлари, жамоат транспортларида амалдаги карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.