Халқ таълими вазирлиги 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларидан паспорт олишни кечиктирмасликни сўради.
Хабарингиз бор, ўтган ўқув йилида барчага қулай бўлиши учун олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатлари Давлат тест марказининг abitur.dtm.uz сайти орқали онлайн қабул қилинди. Абитуриентлар энди аввалгидек олий таълим муассасаларига овора бўлиб боришлари, узундан-узоқ навбатга туришларига хожат қолмади.
Онлайн ҳужжат топшириш учун битирувчиларнинг паспорт маълумотлари (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами -ЖШШИР) киритиш талаб этилади. Шу боис, 16 ёшга тўлган битирувчилар ўз вақтида паспорт (ID карта) олишлари зарур.
Бу жараёнда Халқ таълими вазирлиги ДТМ билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, ОТМга ҳужжат топшириш учун битирувчиларга янада қўлайлик яратиш мақсадида attestat.uzedu.uz электрон базаси ДТМ abitur.dtm.uz сайти билан интеграция қилинган.
Маълумот учун, жорий ўқув йилида мактабларни 437 мингдан ортиқ ўқувчилар битиради. Бугунги кунда битирувчиларнинг электрон маълумотлар базаси attestat.uzedu.uz сайтида 16 ёшга тўлган 153 мингдан ортиқ битирувчилар (35%) паспорт олмаган.
Ҳурматли ота-оналар, азиз битирувчи ёшлар!
Фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларининг ўз вақтида паспорт олишини таъминлашингиз сўралади.






