Самақрқандда яна бир тортишув охири ўлим билан якунланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Аниқланишича, 2021 йилнинг 13 март куни соат 22:30 ларда 46 ёшли Бахтиёр Р.нинг Самарқанд шаҳри Саттепо мавзеси Х.Шерозий МФЙда жойлашган яшаш хонадонига таниши 48 ёшли Алиджан М., маст ҳолатда келиб, у билан спиртли ичимлик истеъмол қилишни таклиф қилиб, ўзаро жанжаллашиб қолади. Натижада Бахтиёр Р. қўлидаги ошхона пичоғи билан Алиджан М.нинг кўкрак қисмига бир маротаба уриб, жароҳат етказганидан сўнг ёрдам бериш мақсадида ташқарига чиқиб дўкон ишчисидан ёрдам сўраган. Ўтказилган тиббий муолажаларга қарамасдан Алиджан М. шифохонада вафот этган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, Бахтиёр Р., муқаддам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қотиллик жинояти) билан судланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Бахтиёр Р.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.






