Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтаётган матбуот анжмунида маълум қилинди.
Жорий йилнинг 22 февралида имзоланган “Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан заргарлик соҳасини янада ривожлантириш, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуқуқий асос яратилди.
Ушбу қарор орқали тармоқ учун бир қатор енгилликлар ва имтиёзлар берилмоқда. Жумладан:
Қимматбаҳо металларни 180 кунга кечиктириб тўлаш орқали харид қилишга рухсат берилди. Бу орқали заргарларни хом-ашё билан узлуксиз таъминланишига эришилади.
Қимматбаҳо металларни Олмалиқ ва Навоий кон металлургия комбинатларидан ёки биржа орқали тўғридан тўғри сотиб олиш жорий этилмоқда. Қимматбаҳо металларни харид қилиш соддалаштирилди ва хом-ашёни сотиб олиш тартиблари кенгайтирилди.
Марварид, олмос ва бошқа қимматбаҳо тошларни мамлакатимизга олиб кириш учун импорт божхона божидан озод этилди.
Заргарлик буюмларини лазер орқали тамғалашга рухсат берилди. Нозик ва нафис заргарлик буюмларини механик зарб орқали тамғалашда буюмнинг кўринишига, сифатига зарар етказмаслик мақсадида лазер орқали тамғалаш мумкин бўлди.
Aффинаж корхоналарга ўлчовли ёмбиларни жисмоний ва юридик шахсларга сотишга рухсат берилди.
Заргарлик буюмларини электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилди.
Ишлаб чиқарувчилар учун 300 млн. сўмгача миқдорда имтиёзли микрокредитлар ажратилмоқда ва бу орқали моддий техник базасини такомиллаштиришга, айланма маблағини мустаҳкамлашга шароит яратилмоқда.
“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси аъзоларига “Ҳунарманд” уюшмасига берилган солиқ имтиёзлари тадбиқ этилмоқда.
Миллий брендларни ривожлантириш мақсадида Қўқон, Наманган, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида замонавий кўргазма савдо дўконлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар учун нуфузли халқаро кўргазмаларда қатнашиши билан боғлиқ сарф-харажатларнинг 50 фоизи компенсация кўринишида қоплаб берилиши кўзда тутилмоқда.






