Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева хизмат сафари билан Сирдарё вилоятида бўлиб турибди, дея хабар бермоқда Сенат Матбуот хизмати.
Сенат Раиси Т.Нарбаева Сирдарё вилоятига ташрифининг иккинчи кунида Мирзаобод ва Оқолтин туманларида бўлди.
Дастлаб Мирзаобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” маҳалласида ташкил этилган тикув цехи фаолияти билан танишилди. Ушбу корхона “Сардоба” сув омборида юз берган техноген ҳодиса оқибатларини тугатиш доирасида бунёд қилинган ва янги ташкил этилган мазкур маҳалладаги қўпқаватли турар-жойлардан бирининг ертўласида очилди. Айтиш лозимки, қурилиш лойиҳаси бўйича ҳар бир уй тагида бунёд этилган ана шундай кенг ва шинам майдонлар бугунги кунда ҳар бир хонадонга алоҳида омборхона бўлиши баробарида ишлаб чиқариш объекти сифатида ҳам хизмат қилмоқда. Аҳамиятлиси, жами 150 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Яна бир эътиборли жиҳати, корхона чеварларининг аксарияти “Аёллар дафтари”га киритилганлардир.

Туманнинг “Ҳақиқат” маҳалласидаги аввал умумий ётоқхона шаклида бўлган бино тубдан таъмирлангач, турар-жойга айланди. Натижада уйга ўта эҳтиёжманд 26 та оила шу бинога кўчиб кирди. Ҳовлиси ҳам ободонлаштирилиб, тандирхона қуриб берилди.
Сенат Раиси ушбу уйда яшовчи Саломат Абдуллаеванинг хонадонида бўлиб, яратилган шароитлар билан танишди.

Сўнгра Олий Мажлис юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева Оқолтин туманидаги “Шодлик” маҳалласида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида “Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлаш дастури” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Касб-ҳунарга ўқитиш маркази” фаолияти билан қизиқди. Бундан бир неча ой олдин очилган марказ ҳудуддаги доимий иш билан банд бўлмаган фуқаролар учун кенг имкониятлар яратди.
Унда ишсиз аёллар ва ёшлар бир вақтнинг ўзида пазандачилик, тикувчилик, компьютер саводхонлиги мутахассисликлари бўйича профессионал даражада ўқитилади. Асосий мақсад уларни аниқ даромад манбалари билан таъминлаш, иқтисодий фаолликларини янада оширишга қаратилади.Марказда аҳоли таклифлари ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий талаблари асосида бошқа йўналишлар бўйича ҳам махсус ўқув курсларини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, Сенат Раиси туман ҳокимлигида халқ депутатлари Оқолтин тумани Кенгаши депутатлари ва хотин-қизлар билан учрашди. Маҳаллий Кенгаш фаоллигини ошириш ҳамда бошқа долзарб масалалар бўйича ўз тавсияларини берди.
Қолаверса, учрашувда депутатлик сўрови, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ғамхўрлик кўрсатиш ва бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, учрашув-мулоқотда иштирокчиларнинг таклиф-мулоҳазалари ҳам эшитилди. Халқ депутатлари туман кенгаши котибиятига яратилган иш шароити ва унинг фаолияти билан ҳам танишилди.
Сенат Раиси туманнинг “Андижон” маҳалласида бўлиб, у ерда қишлоқ аҳолиси турмуш тарзи ва муаммоларини ўрганди. Суҳбат давомида бандликни таъминлаш, моддий ёрдам ва уй-жой билан боғлиқ муаммолар билдирилиб, бу борада мурожаатлар ечими юзасидан масъулларнинг таклифлари тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаеванинг Сирдарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.







