Ижтимоий тармоқларда айни пайтда Сирдарё вилояти Боёвут туманида кучли шамол бўлаётгани ва у банк томини учириб юборгани акс этган видео жойлаштирилди.
Маълум бўлишича, Боёвут шаҳарчасидаги Халқ банки туман филиали биносининг том қисми қўпорилиб тушиши оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Соат 9:20 атрофида шамолнинг аномал ўзгариши оқибатида халқ банкининг Боёвут шаҳарчасида жойлашган филиали биносини том қисми қўпорилиб тушган.
Бу вақтда банк ишчи-хизматчилари бинонинг ички қисмида бўлган. Қўпорилган том бинонинг жанубий-ғарбий қисмидаги, одатда фуқаролар бўлмайдиган қисмига тушган.
Воқеа жойига соат 9:30ларда Фавқулодда вазият вазирлиги Боёвут тумани бўлими мутахассислари етиб келган ва ҳозирда кўнгилсиз ҳодиса оқибатлари бартараф этилмоқда.
Шунингдек, Халқ банки туман филиали биносининг том қисми қўпорилиб тушиши оқибатида Боёвут туманидаги “Достон” подстансиясидан “Т.Латипов” фидери орқали “Соҳил”, Беруний, Учтургона ва Алишер Навоий маҳаллаларига йўналтирилган тармоқ электр энергия узатишдан вақтинча узилган.
Айни вақтда Боёвут тумани электр таъминоти корхонасининг авария-тиклаш бригадаси томонидан камчиликларни бартараф қилинмоқда.
Ундан ташқари дарахатнинг шамол таъсирида қулаши натижасида “Маданият”, “Учтургон” ва “Олмазор” маҳаллаларини электр энергия билан таъминловчи “Тараққиёт” фидерида ҳам электр энергия узатиш вақтинча тўхтатилган.
Юзага келган ноқулайликлар бугун соат 15:00 га қадар бартараф этилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати бугун Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ва Навоий вилоятининг айрим туманларида шамолнинг кучайиши 23-28 м/с гача етиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.






