Президент Шавкат Мирзиёвнинг Тошкент вилоятига ташрифи давомида давлат раҳбарига маданият йўналишида тақдимот қилган маданият вазири Озодбек Назарбековга мана шундай саволлар билан юзландик.
Унинг айтишича, мусиқа мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчилар ўқувчилар тўлайдиган бадал пулидан ойлик олишади, яъни марказий бюджетдан молиялаштирилмайди.
“Бу тўгарак сифатидаги таълим – мажбурий таълимга кирмайди. Мусиқа мактаблари кеча пулли бўлиб қолган эмас. Азалдан тўгарак шаклида бўлгани учун пулли бўлиши табиий. Бу ғайри оддий ҳолат ёки бир янгилик эмас. Бу – ихтиёрий таълим”, - дейди Озодбек Назарбеков.
ИСТЕЪДОДИ БОР, ЛЕКИН ТЎЛОВ ИМКОНИЯТИ ЙЎҚ ЎҚУВЧИЛАР-ЧИ?
— Мусиқа мактабларида кам таъминланганлар ва иқтидорли ўқувчилар учун мактаб қувватининг 25 фоизи миқдорида бепул таълим олиш бўйича квоталар ажратилади. Мана шу имкониятдан фойдаланишлари мумкин. Яъни хозирда мавжуд мусиқа мактабларимиз 100, 150 ва 300 нафар ўқувчиларни қамраб олаётган бўлса, шуларнинг 25 фоизи айнан шу тоифадаги ўқувчиларни қамраб олади.
ЕЧИМ!
“Юқоридагидек эътирозларни ҳисобга олган ҳолда, Халқ таълими билан биргаликда биз ўқув-қўлланма ишлаб чиқяпмиз. Яъни шу қўлланмани олган ўқувчи миллий чолғу асбобларини чалишни уйида, мусиқа мактабларига қатнамасдан, мустақил равишда махсус QR-кодлар орқали ўрганиши мумкин бўлади. Хозирча рубоб чолғу асбоби бўйича дастурни ишлаб чиққанмиз. Бу дастурни Президентимизга ҳам тақдим қилдик ва у киши дастуримизни маъқулладилар. У ишга тушиш билан нафақат ўқувчилар, балки чолғу асбобларини чалишни ўрганиш истагидаги исталган киши фойдаланиши мумкин бўлади”, - дейди маданият вазири.
Сардорбек Раҳмонқулов






