АсосийJamiyat

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклади

'Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги «Humo Arena» мажмуасида бўлиб ўтаётган байрам шодиёнасида Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклаб, жумладан шундай деди:

«Коронавирус пандемияси туфайли дунёда кўп нарсалар ўзгармоқда. Лекин халқимизнинг она табиатга, муқаддас заминимизга муҳаббати, азалий қадриятларга эҳтиром ва садоқати асло ўзгаргани йўқ. Аксинча бундай олижаноб хислатларимиз янада зиёда бўлмоқда, сайқал топмоқда. Шу боис азалдан баҳорий уйғониш ва нафосат тимсоли бўлган Наврўзи олам биз учун тобора ардоқли бўлиб бормоқда.

Шу йилги Наврўзнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у жонажон Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 30 йиллик байрами тадбирларига тўғри келмоқда.

Наврўз — чинакам халқ байрами. Миллий ўзлигимиз кўзгуси. Маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Минг йиллар олдин ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай баланд кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда.

Ям-яшил далалар ва гуллаган боғларда, майдон ва хиёбонларда, қишлоқ ва овулларда, маҳалла ва кўчаларда Наврўзнинг дилбар тароналари, Янги кун наволари янграмоқда. Қир-адирларда мард ўғлонларимиз кўпкари чопиб, курашга тушмоқда. Кексаю ёш юртдошларимиз сумалак тўла қозонлар атрофида ўйин-кулгилар қилиб, баҳор неъматлари ва байрам қувончини ўзаро баҳам кўрмоқдалар.

Шундай шукуҳли ва бетакрор дамларда барчамиз тинч ва осойишта ҳаёт ва хотиржамлик қадрини янада теранроқ ҳис этмоқдамиз.

Бугун муродбахш ва файзли кунларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз улкан ният ва режалар билан қадрдон даласи сари йўл олмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, азму шижоатли бободеҳқонларимизни янги меҳнат мавсуми билан самимий қутлаймиз. Ушбу қутлуғ байрам кунларида жорий йилда ҳам далаларда ҳосилларимиз мўл ва баракали, ризқу насибамиз янада зиёда бўлсин деб бутун юртимизда барчамиз дуолар қиламиз», - деди давлат раҳбари.

 

    Бошқа янгиликлар