АсосийJamiyat

Икки шахс ўртасидаги мол-мулкни етказиб бериш келишуви бузилганда судга мурожаат қилса бўладими?

'Икки шахс ўртасидаги мол-мулкни етказиб бериш келишуви бузилганда судга мурожаат қилса бўладими?'ning rasmi

"Даракчи" таҳририятига Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи фуқаро Барчиной Абдурайимовадан мурожаат келиб тушди:

Эрим иккаламиз Москвада 6 йил давомида қизимнинг сепи учун ошхона анжомлари ва техника воситалари, идиш-товоқлар, аёллар кийимлари, матолар, қисқаси келиннинг сепи учун керак бўладиган жуда катта суммани ташкил қиладиган барча нарсаларни йиғгандик. Фарғоналик бир киши барча нарсаларимизни 23 минг рубль эвазига Тошкентга етказиб беришга ваъда берганди. МФЙ ва посбони билан уйига борганимизда буни ўзи тан ҳам олган. Лекин шу вақтгача маҳсулотларни етказиб бермади. Қандай йўл тутсак бўлади?

Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг раис ўринбосари Анвар ЁРИЕВ билан боғландик...

— Фуқаролик процессуал кодексининг 236-моддасига асосан мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. 

Саволдан англанишича, сиз билан иккинчи шахс ўртасида мол-мулкни етказиб бериш ҳақида келишувга эришилган. Ушбу ҳолатда иккинчи шахс битимдан келиб чиқувчи мажбуриятни ўз зиммасига олган. 

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 985-моддаси билан ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозимлиги белгиланган. 

Кўрсатиб ўтилганларлардан келиб чиқиб, мажбурият бажарилмаган тақдирда сиз шу шахс яшайдиган фуқаролик судига мажбуриятни юклаш, агар мол-мулкка шикаст етказилган тақдирда етказилган зарарни ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин бўлади. 

Шу билан бирга, Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддаси билан ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шартлиги белгиланган.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар