"Даракчи" таҳририятига Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро К.А.дан мурожаат келиб тушди:
— Эрим ҳеч қаерда ишламаган, уйда ўтирган. Сотиб олинган мол-мулкка ҳам ҳеч қандай ҳисса қўшмаган. Ушбу ҳолатда мол-мулкни эр-хотиннинг умумий мулки деб топиш мумкинми?
Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туман суди раиси в.б. Малика ЗАКИРОВА билан боғландик...
— Оила Кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек, махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради.
Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра, мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади. Ушбу ҳолатда сотиб олинган мулклар, эр ё хотиннинг сотиб олинган мол-мулкка ҳисса қўшмагани, ишламагани ва уйда ўтирганидан қатъи назар умумий мулк ҳисобланади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА