АсосийJinoyat

Террористик ташкилотга қўшилмоқчи бўлган 26 ёшли йигитга ҳукм ўқилди

'Террористик ташкилотга қўшилмоқчи бўлган 26 ёшли йигитга ҳукм ўқилди'ning rasmi

26 ёшли С.Х. интернет орқали диний-экстремистик ва террористик ташкилот аъзоларининг таъсирига тушиб, белгиланган тартибни бузган ҳолда террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун хорижга чиқиб кетишга тайёргарлик кўришда ифодаланган оғир жиноятларни содир этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди...

С.Х. 2013 йил ишлаш мақсадида қўшнилари ва ўзига яқин бўлган танишлари билан биргаликда Россиянинг Ижевск шаҳрига бориб, у ерда уч йил давомида қурилиш объектларида ишлаб, 2016 йил январида Ўзбекистонга қайтиб келган. Шундан сўнг, 2016 йил ишлаш мақсадида яна Россиянинг Ижевскига бориб, у ерда 2019 йил октябригача ишлаган.

2018 йилнинг охирларида С.Х. уяли телефон аппарати харид қилади. Унда “you tube”даги турли диний-экстремистик видеолавҳаларни ва “telegram”даги турли аудио-видео кўринишидаги материалларни кўриш, тинглашни бошлайди. Шу тариқа С.Х. 2019 йил тахминан июнига қадар баъзи шахсларнинг материалларини кўриш ва эшитиш орқали Ислом дини ақидаларини ўрганиб келган. 

2019 йил июлидан бошлаб, “you tube”да Сурияда ҳеч қандай фитна бўлмаётгани, шунинг учун Суриядаги мусулмонларга ёрдам бериш кераклиги, бошқа давлатларда яшаётган мусулмонларнинг Сурияга бориб, у ердаги мусулмонларга ёрдам бериши энг биринчи фарз ҳисобланишини таъкидлаган видеосини кўради. Бошқа давлатларда яшовчи мусулмонлар Сурияга бориб, кофирларга қарши “жиход”да иштирок этиб, “жиход”да ҳалок бўлиши “шахид” кетиш хисобланиши, “шахид” кетиш дегани - бу жаннатнинг энг олий даражасига етишни англатиши ҳақидаги маърузаларини кўра бошлаган. 

Бундан ташқари, С.Х. “telegram”даги 2 та каналга қўшилиб, у ерда тарқатилган, яъни Сурия давлатида юз бераётган воқеа-ҳодисалар тўғрисидаги материалларни ҳам кузатиб борган. 

2019 йил августида “you tube”даги диний-экстремистик ташкилотнинг “жиход” тўғрисидаги видео маърузаларни кўриб, уларнинг бирининг остига қолдирилган изоҳларни ўқийди. Уларнинг орасида “жиход қилишни хоҳласангиз, ушбу манзил билан боғланинг”, деб ёзилган ҳаволани босиб, “telegram”даги фойдаланувчи билан алоқа ўрнатади. У билан олиб борган ёзишмаларида С.Х.га ҳозирда Сурияда 4-5 та жойда катта “жиҳод” бўлаётганини, С.Х.нинг Россиядан Сурияга боришига йўл-кира ҳаражатлари учун тахминан 800 АҚШ доллари миқдорида пул керак бўлишини маълум қилган. Лекин С.Х. бу миқдордаги пуллари бўлмагани сабабли, у “жиҳод”га кетиш учун етарли миқдордаги пул топганидан кейин алоқага чиқишини айтган.

Сўнг, С.Х. Сурияга бориб, у ердаги “жиход”да иштирок этиш ва “шаҳид” кетиш орқали мусулмонларга ёрдам бериш Ислом динида фарз эканини ўйлаб, 2019 йил август-сентябрь ойларида ишлаб, 800 АҚШ долларини тўплашни ва террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун Сурияга боришни мақсад қилиб, бу ҳақда жиноий режа тузган. Унга асосан, 2019 йил сентябрнинг охирида С.Х. “telegram” орқали яна ўша фойдаланувчи билан алоқа ўрнатади. Йўл ҳаражатлари учун 800 АҚШ долларини топганини ва Сурияга кетишга тайёр эканини маълум қилган. Бунга жавобан телеграм фойдаланувчиси С.Х.га Сурияга бориш йўлини тушунтирадиган шахснинг “telegram”даги ҳаволасини юборган. С.Х. эса галдаги “йўл кўртсатувчи” билан боғланади. Ўзаро ёзишмалар давомида С.Х.га Россиядан Сурияга бориш йўлини тушунтирган. С.Х.нинг паспортида барча мамлакатларга чиқиш учун рухсатнома (стикер) ёзуви ёки чет элга чиқиш биометрик паспорти бўлмагани учун хавфсиз йўл сифатида дастлаб қандай ҳаракатланишни тушунтиради. 

Шунда, С.Х. ўзининг дастлабки жиноий режасини амалга ошириш учун белгиланган тартибни бузиб чет элга чиқиш бўйича янги жиноий режа тузади. Унга мувофиқ ҳаракатланиб, 2019 йилнинг октябрида интернет орқали “Москва-Ереван-Тбилиси” авиарейсига электрон чипталарни харид қилади ва Москва шаҳри томон йўл олган. Тахминан ярим йўлни юрганидан сўнг у “WhatsApp” орқали Ижевск шаҳрида ўзи билан биргаликда ишлаб юрган катта акасининг телефонига “ака, мен Аллоҳ йўлида жиҳодга кетдим. Суриядаги кофирларга қарши уришаётган мусулмонларнинг ёнига. Мени излаб ҳавотир олиб ўтирманглар. Насиб қилса кўришамиз, кўришмасак қиёматда кўришамиз. Аллоҳ мусулмонларга ёрдам беришни ҳар бир мусулмонга фарз этган, бормасам гуноҳкор бўламан. Ҳозирда уруш фарз айн, бу тўғрисида ота-онадан рухсат сўралмайди кетиш учун, шунинг учун сизларга айтмадим”, дея хабар ёзиб юборган. Айнан шу мазмундаги хабарни у амакисига ҳам юборган.

Бу орада ака укаси томонидан юборилган хабарни ўқиб, бу ҳақда телефон орқали зудлик билан отасига маълум қилган. Ота эса Россияда ишлаб юрган укасига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтиради. Ушбу ҳолат юзасидан Россиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига ёрдам сўраб муроожат қилишини сўраган ва С.Х.нинг амакиси РФнинг Ижевскдаги Федерал хавфсизлик хизмати бўлимига ариза билан мурожаат қилган.

2019 йилнинг октябрида С.Х. Москвага етиб бориб, шу куни кечки вақтда “Внуково” аэропортига борган. У ерда С.Х. аэропорт ходимларига интернет орқали харид қилинган чиптани тақдим этади. Лекин С.Х. паспорт назоратидан ўтаётганида, аэропортда хизмат олиб бораётган ходим йигитдан Грузияга кетишининг сабаби бўйича у билан суҳбат ўтказмоқчи эканини айтади. Шунда, С.Х. содир этишни режалаштирган жиноятлари фош бўлишидан чўчиб, “telegram”идаги икки фойдаланувчилар билан олиб борган ёзишмаларни ўчириб юборади. 

Сўнг С.Х.нинг ёнига Россиянинг ФХХ ходими келиб, уни алоҳида хонага таклиф этади ва Грузияга кетаётганининг мақсади бўйича сўров ўтказади. Ўтказилган сўров давомида ФХХ ходими С.Х.нинг уяли телефон аппарати хотирасидаги материалларни кўздан кечириб, Суриядаги “жиход” билан боғлиқ материаллар борлигини аниқлаган. 

С.Х. ўзининг ФХХ ходимига берган кўрсатмаларида, у ҳақиқатдан ҳам “жиход”да иштирок этиш мақсадида, айланма йўналиш билан Сурия Араб Республикасига бориб, у ерда фаолият юритаётган террористик ташкилотга қўшилмоқчи бўлганини маълум қилган.

С.Х. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўртасидаги хамкорлик каналлари бўйича Тошкентга олиб келинади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг хулосасига кўра...

С.Х.дан олинган уяли телефон аппаратида мавжуд файлдаги маълумотлар Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган террористик ташкилотига тегишли бўлиб, ушбу файллардаги маълумотлар Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармасининг маълумотномага кўра...

ИИВ М ва ФРББ ҳамда унинг қуйи тизимлари томонидан С.Х.нинг номига чет элга чиқиш рухсат ёзуви стикери ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилмаган.

 

Мухтарама Тургунова, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:

 Судда судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди. Судланувчи ЖКнинг 25, 155-2-моддаси 1-қисми, 25, 223-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди. ЖКнинг 59, 61-моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил кесил ўташ учун 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар