"Даракчи" таҳририятига Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро А.Ҳакимовдан мурожаат келиб тушди:
— Мутахассислигим қишлоқ хўжалик машиналари инженер механиги. 1999 йил Чироқчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежига ишлаб чиқариш таълим устаси вазифасига ишга жойлашдим. 2018 йил сентябрида менга иш ўрни йўқлигини айтишди. Менга билдирилган иш таклифларини эса мутахассислигимга тўғри келмагани учун рад қилдим. Ишга тиклаш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича судга даъво ариза киритилганди. Лекин суд томонидан даъво муддати ўтиб кетгани сабабли, даъво ариза рад этилди. Энди қандай йўл тутсам бўлади?
Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси Баҳодир САИДМУРАТОВ билан боғландик...
— Меҳнат кодексининг 270-моддасига кўра, ишга тиклаш низолари бўйича ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб, бир ойлик муддат белгиланган. Дарҳақиқат, даъво муддатининг узрсиз сабабларга кўра, ўтказиб юборилиши даъво талаби асослилигидан қатъи назар даъво муддатини қўллаш ҳақида жавобгар томонидан арз қилинган тақдирда даъво аризасини рад қилишга олиб келади. Бироқ, аҳамият бериш лозимки, бир ойлик даъво муддатининг ўтиши меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида буйруқ чиқарилган кундан эмас, бу буйруқ нусхаси ходимга топширилган кундан бошлаб ҳисобланади. Даъво муддатининг ўтказиб юборилишига узрли сабаблар бўлган тақдирда, бу муддат суд томонидан тикланиши мумкин.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА