Бу ҳақда хабар қилган Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати сўнгги кунларда вилоятда аниқланган касаллар кўрсаткичини солиштириб кўрди.
Келтирилишича, Тошкент вилоятида жорий йилнинг 20 март ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар Зангиота тумани ҳудудидаги 1-, ва 2- кўп тармоқли клиникага жойлаштирилган.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг 15 мартидан буён ушбу касалликни юқтирган 130 нафар бемор вафот этган бўлса, шифохоналарда даволанган 15 минг 681 нафар киши соғайиб чиққан.
Бугунги кунда ушбу юқумли дарднинг қайта тарқалаётганлиги оқибатида, жорий йилнинг 12, 15март кунлари 4 нафар , 16 март куни эса, 18 нафар, 17 мартда 8 нафар, 18 мартда 13 нафар, 19 мартда ҳам 10 нафар кишида инфекция аломатлари аниқланган. Улар Зангиотадаги иккита кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Қолган 93 нафар беморга эса уй шароитида даволаниш тавсия этилган.
"Афсуски, вилоятнинг туман ва шаҳарлари аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясини юқтираётганлар сони ортиши кузатилмоқда. Хусусан, ўтган 6 кун мобайнида Тошкент ва Қибрай туманларида 14 нафардан, Ўрта Чирчиқ тумани ва Нурафшон шаҳрида 5 нафардан, Чирчиқ шаҳрида 9 нафар, Зангиота туманида эса 4 нафар киши инфекцияга чалинган.
Вилоятдаги тиббиёт муассасалари ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, жами 970 нафар беморга мўлжалланган захира ўринлари ҳозирлашган. COVID-19 касаллигини бошидан ўтказган фуқаролар учун тиббиёт муассасаларида 330 та реабилитация ўринлари мавжуд. Касалларни даволаш учун ишлатиладиган 49 турдаги жами 2 млрд 908 млн сўмлик дори воситалари ҳам жамланган.
Вилоятдаги ҳар бир корхона ва ташкилотларда инфекция тарқалишини олдини олишнинг кескин чоралари кўрилмоқда. Барча жамоат жойларида фуқаролардан тиббий ниқобда юриш, антисептик воситалардан фойдаланиш, ўзаро мулоқотларда ижтимоий масофани сақлаш мезонлари талаб этилаётир.
«Бепарволик ва хотиржамликка берилиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин", - дейилади хабарда.






