Ўз А мухбирининг хабар беришича, 21 март куни Хатирчи тумани «Қорача» МФЙ да ўз хизмат вазифасини олиб бораётган профилактика инспектори, лейтенант Бегали Мирзаев тунги соат 23:00 ларда кўчада бир автомашина тўхтаб турганлигини кўриб, автомашина ёнига боради. Машина салонида саросимада турган икки аёлдан бири ҳомиладор эканлиги, автомашинанинг эса таъмирга муҳтожлигини билгач, аёлларга биринчи ёрдам кўрсатишга киришади.
Профилактика инспектори зудлик билан яқин орада жойлашган оилавий қишлоқ поликлиникасига бориб, навбатчи тиббиёт ходимини олиб келади. Йўл-йўлакай эса туман тез тиббий ёрдам бўлимига телефон қилиб, ҳолатни тушунтиради.
Б.Мирзаев ўз автомашинасида ҳомиладор аёл ва қайнонасини олиб туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлимига етказади.
Туғруқхона бўлими навбатчи врачи Салоҳиддин Остонаевнинг маълум қилишича, профилактика инспекторининг ҳомиладор аёлни ўз вақтида шифохонага етказганлиги боис она-боланинг ҳаёти сақлаб қолинган. Айни пайтда уларнинг саломатлиги яхши.






