Жорий йилнинг 19 март куни президент томонидан “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Адлия вазирлигининг маълум қилишича, қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан:
- ОТМнинг “Физика”, “Биотиббиёт физикаси”, “Физика ва астрономия” каби бакалавриат таълим йўналиши талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаси ғолиблари ва физика бўйича нуфузли халқаро олимпиадалар совриндорлари физика мутахассисликлари бўйича қабул параметрларидан ташқари давлат гранти асосида магистратурага ўқишга қабул қилинади;
- физика фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти;
- физика фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.
Шунингдек, 2022–2024 йилларда жами 21 та ОТМнинг физика фани бўйича ўқув лабораториялари замонавий жиҳозлар билан таъминланади.
2021/2022 ўқув йилидан олий таълим тизимида физика фанлари соҳаларга мослаштирилган ҳолда ўқитилади.
2021 йил 1 ноябргача ёшлар ўртасида физика фанларига қизиқишни ошириш мақсадида “Ёш физиклар портали” ишга туширилади.
Шунингдек, Самарқанд давлат университети тузилмасида физика соҳалари бўйича кадрлар тайёрловчи “Самарқанд давлат университетининг муҳандислик физикаси институти” ташкил этилади.
Қарор билан Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Фанлар академияси ҳузуридаги Ядро физикаси институти ва Ион-плазма ва лазер технологиялари институтига физика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Dsc) илмий даражаларини бериш ваколати тақдим этилди.






