Туркиялик таниқли олим, Нобель мукофоти соҳиби Азиз Санжар Самарқанд давлат университети кимё факультети талабаларига “Одам геноми, ДНК репарацияси харитаси” мавзусида онлайн маъруза ўқий бошлади. Бу ҳақда UzA маълум қилди.
Азиз Санжар айни пайтда АҚШнинг Шимолий Каролина университети профессори. У 2015 йилда ДНКни тиклаш механизмларини тадқиқ этгани учун кимё йўналишида Нобель мукофоти совриндори бўлган.
2018 йил Самарқанд давлат университетига ташрифи чоғида унга фахрий профессор унвони берилган эди. Ўшанда Азиз Санжар ушбу кашфиёти учун 45 йил вақт кетганини айтиб, СамДУ талабаларига дарс беришга тайёр эканини таъкидлаганди. Ушбу ташаббуснинг ижобати сифатида таниқли олим Наврўз арафасида СамДУ талабаларига илк онлайн маърузасини ўқиди.
Дунёга машҳур кимёгар олим, саратон хасталигини даволаш бўйича жуда катта илмий кашфиёт қилган Азиз Санжарнинг маърузасини ўқитувчилар, илмий ходимлар, талабалар катта қизиқиш билан тинглади.
– Нобель мукофоти лауреатидан сабоқ олиш биз талабалар учун бахт. Маъруза давомида ДНК молекулаларига оид янги маълумотларга эга бўлдик. Албатта бу маъруза илмга бўлган қизиқишимизни янада оширди, – дейди СамДУ кимё факультети талабаси Бекзод Назаров.
– Бугунги кунда дунёнинг кўплаб нуфузли университетлари олимлари СамДУда дарс бериш таклифини мамнуният билан қабул қилмоқда. Бу бежиз эмас. Университетимиз нафақат Марказий Осиё, балки жаҳонга таниқли олий таълим муассасаси сифатида эътироф этилмоқда, – дейди СамДУ кимё факультети декани, техника фанлари номзоди Норйигит Мусулмонов.
– Талабаларимиз чет тилини билишига алоҳида аҳамият қаратаяпмиз. Азиз Санжарнинг онлайн маърузалари ўқув йили охиригача давом этади.






