Сирдарёлик икки юртдошимиз "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармонини аҳолининг турли қатламлари орасида кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб пиёда юриб чиқишга аҳд қилишган эди.
15 февраль куни Андижон шаҳридан йўлга чиққан сайхунободлик Тўлқин Усмонов ва Элдор Жўраевлар йўл-йўлакай Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятларини ортда қолдирган ҳолда сўнгги манзил – Қорақалпоғистон Республикасига ҳам етиб боришди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги хабар берди.
Улар йўл-йўлакай Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тасарруфидаги Беруний туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими ташаббуси билан ташкил этилган «Соғлом ҳаёт сари 5 000 қадам» акциясида ҳам қатнашди. Лойиҳа доирасида туман ёшлари фаол иштирок этди. Беруний шаҳридаги «Халқлар дўстлиги» кўчаси бўйлаб ташкил этилган оммавий юриш тадбирида ёшлар билан бирга туман сектор раҳбарлари, қолаверса ҳоким ўринбосарлари ҳам «Спорт – соғлиқ гарови» дея юришни бошлади.
Сирдарёлик икки азамат 35 кун деганда Қорақалпоғистон Республикаси маркази – Нукус шаҳрига етиб боришди. Қай манзилда бўлмасин сайхунободлик йигитлар Тўлқин Усмонов ва Элдор Жўраев маҳаллий аҳоли томонидан хуш кайфият билан кутиб олинмоқда.
Бугун улар сўнгги манзил – Мўйноқ шаҳрига етиб боришади.