Муҳокамага сабаб бўлаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонида вафот этган шахснинг дафн маросими учун бир марталик нафақа тайинланишини бекор қилиниши назарда тутилмаган.
Бу ҳақда Адлия вазири матбуот котиби маълум қилди.
Маълум қилинишича, аксинча, Фармон билан фуқаронинг ўлими қайд қилингандан сўнг ваколатли органларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилган.
Унга кўра Пенсия жамғармасига 2 та вазифа юклатилди.
Биринчидан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси жисмоний шахснинг ўлими қайд қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида дафн маросими учун бир марталик дафн нафақасини тайинланишини таъминлайди ва бу тартиб электрон равишда амалга оширилади. Ушбу нормадан асосий мақсад, яқин кишисини йўқотган, оғир дарди бўлган фуқароларни идорама-идора сарсон бўлиб юришини олдини олишдан иборат.
Иккинчидан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вафот этган шахсга нисбатан келгусида пенсия ва нафақалар ҳисобланиши тўхтатилишини таъминлайди. Бундан кўзланган асосий мақсад вафот этган фуқарога нисбатан йиллар давомида асоссиз пенсия ҳисобланиши ва тўланишини олдини олиш ҳисобланади.






