Навоий вилояти Кармана туманида спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида келиб чиққан ўзаро жанжал аянчли якун топди. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати раҳбари Ўктам Усмоновга асосланиб, вилоят мухбиримиз Ширингул Асоева хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, кеча, 24 март куни Кармана туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган Р.И. маст ҳолда бўлган таниши, 1989 йилда туғилган Р.М. томонидан оғир тан жароҳати етказилганлиги сабабли вафот этган.
Кармана тумани Алишер Навоий маҳалласида вилоят прокуротураси, вилоят ИИБ, туман сектор раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ушбу мудҳиш ҳодиса танқидий муҳокама қилинди. Унда аксарият маҳаллаларда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларнинг атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлик билан қараб, кўриб-кўрмасликка олиши, жиноий ҳолатларга томошабин бўлаётганликлари кескин қораланди. Муҳокамада иштирок этган фуқаролар ҳам ўз маҳаллаларида юз берган мудҳиш воқеа бўйича муносабатларини очиқ-ойдин баён этдилар.
Мазкур маҳалла раиси ҳамда инспекторининг айтишича, хонадонда носоғлом муҳит мавжудлиги, мунтазам равишда чиқинди ва макалатура олди-сотдиси билан шуғулланганлиги ҳамда уйида бир қанча макалатура топширадиганлар қўним топиб ичкилик ичиб маст ҳолда юрганлиги сабабли бир неча бор профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган. Хонадон эгаси эса касаллигини баҳона қилиб пул топишни бошқа иложи йўқлигини айтиб келган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Кармана тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Р.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.






