Бугун, 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Чилонзор туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудда маҳаллабай тизимда олиб борилаётган ишлар, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ва аҳоли билан бевосита мулоқотлар қилиш мақсадида мазкур туманда бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.
Дастлаб “Ал-Хоразмий” МФЙда аҳолига яратиб берилган шарт-шароитлар билан танишилди. Маҳалла ҳудудидаги болалар соғломлаштириш майдончаси ёнида маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Қолаверса, Сенат Раиси “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аёллар ва ёшлар учун ташкил этилган тикувчилик цехларида ҳам бўлди. Бу ерда ишлаётган тикувчилар билан суҳбатлашди.

Бундан ташқари, туманда жойлашган Тошкент шаҳар Аёллар реабилитация ва мослаштириш маркази фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу муассасада вақтинча яшаётган аёллар билан мулоқот қилди. Мазкур марказ фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Навбатдаги манзил – “2-Чарх Камолон” маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмида ташкил этилган тадбиркорлик марказлари. Сенат Раиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ёш ишбилармонлар билан ҳам мулоқотда бўлди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгаш котибиятига яратиб берилган шарт-шароитлар билан танишилиб, халқ вакилларининг туманни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш борасидаги таклифлари эшитилди.
Яна бир жиҳат. Тумандаги маҳаллаларда бўлиб, аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг мурожаатлари тингланди ва улар батафсил ўрганилди. Кўтарилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.










