Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “саховат” ва “мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиши белгилаб берилди.
Қуйидагилар Агентлик тизимига ўтказилади:
– “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари, Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳудудий реабилитация марказлари, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий ва пансионатлар, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази;
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси.






