Пандемия даврида дунёда иқтисодиётни рағбатлантириш чоралари мисли кўрилмаган даражага етди. Хусусан, ушбу мақсадга 16 триллион АҚШ доллари ажратилди, шундан фақат бешдан бири ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда, деб хабар деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
БМТ Янгиликлар марказининг маълумотига кўра, 60 дан ортиқ ташкилот ва агентлик халқаро ҳамжамиятни пандемия билан боғлиқ таназзул шароитида юзага келган тенгсизликни бартараф этиш чораларини кўришга чақирмоқда.
COVID-19га қарши эмлаш соҳасида ҳам тенгсизлик кузатилмоқда. Масалан, жорий йил январь ойига қадар 38 давлатда эмлаш бошланган бўлса, улардан фақат 9 таси ривожланаётган мамлакатлардир.
Ривожланишни молиялаштириш бўйича янги ҳисобот муаллифлари пандемия таъсиридан, айниқса, камбағал мамлакатларнинг миллионлаб аҳолиси азият чекаётганига эътибор қаратган. Сўнгги йилларда уларнинг яшаш шароитини яхшилашга қаратилган барча саъй-ҳаракатлар ва бу борада эришилган ютуқлар зое кетмоқда: 114 миллион киши иш ўрнини йўқотган, қўшимча 120 миллион киши камбағаллик ёқасига келиб қолган.
Янги технологиялар ва барқарор инфратузилмаларга сармоя киритиш хатарларни камайтириш ва дунёни келажакдаги зарбалардан асраб қолишга ёрдам беради. Бундай сиёсат иқтисодий ўсиш, яхши ҳаётни таъминлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда муваффақиятга эришишга асос бўлади, деб таъкидламоқда маъруза муаллифлари. Масалан, экспертлар келажакда пандемия хавфини сезиларли даражада камайтириш учун кейинги икки йилда 70-120 миллиард доллар, ундан кейинги йилларда эса 20-40 миллиард доллардан сарфлаш зарур, деб ҳисобламоқда.
Хусусан, маъруза муаллифлари ривожланаётган мамлакатларга паст фоизли заёмлар тақдим қилиш, тараққиёт банклари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш ва бошқа чора-тадбирларни кўришни тавсия этмоқда. Бундан ташқари, мутахассислар рақамли иқтисодиёт шароитида солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш, атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатадиган масалаларда компанияларнинг жавобгарлигини орттириш, меҳнат бозори ва молиявий сиёсатни модернизация қилиш бўйича ечимлар топишни таклиф қилмоқда.






