АсосийJinoyat

Жиноятга жазо муқаррар: Болаларнинг ҳаққи "тешиб чиқди"

'Жиноятга жазо муқаррар:  Болаларнинг ҳаққи "тешиб чиқди"'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда газ билан таъминланмаган баъзи мактабларнинг совуқ  синфхоналарида қишнинг қировли кунларида жунжикиб ўтирган мактаб ўқувчиларини кўрсак, ўзимизнинг этимиз жунжикади, раҳмимиз келади. Имконият яратиб бермагани учун юқори масъул ташкилотлардан ранжиймиз. Аммо ҳамиша ҳам айб юқори ташкилотларда эмаслиги, мактабнинг баъзи “оғзи катта” амалдорларининг нафси ҳакалак отиб, болаларнинг ҳақига хиёнат қилаётгани туфайли болалар жабр кўраётгани хаёлимизга ҳам келмайди.  Аммо гуруч орасида курмак бўлгани каби ўз манфаатини болалар манфаатидан устун қўяётганлар ҳам борлиги яна бир бор ўз исботини топди...

2021 йилнинг 5 февраль куни Хатирчи туманининг “Учтепа” МФЙ биносида жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг сайёр суд мажлисида худди шундай жиноят иши кўриб чиқилди.  

1982 йилда Хатирчи туманида туғилган Ҳайитов Ҳусан Бобоевичнинг 84-сонли умумтаълим мактабига директор бўлганига эндигина 3 йилдан ошди. Бутун бир мактаб жамоасига раҳбарлик қилиш, келажак авлодга ғамхўрлик қилиш катта масъулият. Балки у ҳам бу ишончни оқлаш истагида бўлгандир. Оиласи, 3 нафар фарзанди отасидан фахрланишини ҳис қилгандир... токи 2020 йилнинг 14 октябрь куни ўзини Шухратман деб таништирган йигит қўнғироқ қилиб, 84-сонли ўрта умумтаълим мактабининг 2020-2021-ўқув йили учун 84 тонна кўмир маҳсулоти борлигини, 26 тоннаси кўмир ва 58 тоннаси брикет эканлигини айтиб, унга “агар сиз билан кўришиб гаплашиб олсак ҳаммасини кўмир қилиб оласиз” демагунича...

Дарвоқе, Шухрат исмли уддабурон бу йигит ҳам хатирчилик. Ҳасанов Шухрат Олимович 1979 йилда туғилган, ўрта-махсус маълумотга эга, оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси. Шу билан бирга,  хусусий корхона раҳбари.

Эртаси куни мактаб директорига Шухрат Ҳасанов қўнғироқ қилиб, унга “ака нима бўлди, кўришиб гаплашиб оламизми?” дегач, эрталаб соат 08:30ларда тумандаги “Мирзо Улуғбек” МФЙнинг чорраҳасида кўришишади. Шухрат унга кўмир базасида таниши борлигини, ҳамма жавобгарлигини ўз бўйнига олишини, мактабга ажратилган брикет маҳсулотини ҳам яхши кўмир маҳсулотига алмаштириб беришини айтади.  Эвазига олган ушбу  кўмир маҳсулотининг  тоннасини 300 минг сўмдан сотишини таклиф қилади. Бу имкониятдан фойдаланса, анча даромадга эга бўлишини хомчўт қилган мактаб директори  розилигини билдириш учун шоша-пиша “Шухрат ака, буёғи тинчми, эртага гап сўз бўлиб кетмайдими?” деркан, биринчи бор кўриб турган “ҳамкори”нинг  битта машинага 20 тонна кўмир кетишини ва уни сотса 6 миллион сўм пул беришини айтгач, тезроқ кўнгли хотиржам тортиб, шайтоннинг васвасасига учганини ўзи ҳам сезмай қолади. У Ш.Ҳасанов билан Самарқанд вилояти, Оқтош шаҳридаги “Зирабулоқ” темирйўл станциясида жойлашган кўмир базасига бирга боради ва Хатирчи кўмир базаси мудири Латиф исмли шахс билан учрашиб, ундан кўмир сўрашади. Латиф эса, мактаблар учун эмас, фақат маҳаллалар учун кўмир келганлигини айтади. Улар суҳбатлашиб турганида Хатирчи тумани Халқ таълими бўлими таъминотчиси М.Муҳсинов келиб, унга бу ердан эмас, 2-3 кундан кейин Хатирчи тумани кўмир базасидан кўмир беришини айтади. Шухрат эса унга Латиф билан гаплашганлигини, унга 54 тонна кўмир беришини айтади ва бу гапни Латиф ҳам тасдиқлайди. Шу билан бирга Латиф унга бугун 50 тонна кўмир олиб кетишини, қолганини Шухрат билан ўзлари ҳал қилишини айтади. Латиф унга 84.300 кг. кўмирга  4 та юк хати тайёрлаб қўйганлигини, бугун 4 та юк машина кўмир олиб чиқиб кетишини, қолганини эртаси куни ўзи Шухрат билан келишишига ишонтиради. Давлат рақами 85 708 ҒАА бўлган “Камаз” русумли машинага тўлдириб кўмир юклаб, кўмирни мактабнинг кўмир сақлаш омборига тўкишади. Аниқроғи, ўша куни  уч “Камаз” кўмирни, жами 37 тонна кўмирни 84-сонли мактаб кўмир сақлаш омборхонасига олиб келиб тўкишади.

2020 йилнинг 17 октябрь куни “шериклар” бошлаган ишларини ниҳоясига етказиш учун  Хатирчи туманидаги “Хотира” майдони олдида учрашишади ва “янги ва яхши таниш” бўлган Шухрат унга 5 млн. сўм пул беради.

Бири-бирининг қўллаб-қувватлашидан хурсанд ҳамтовоқлар Самарқанд вилоятининг “Оқтош” шаҳридаги “Зирабулоқ” темирйўл станциясига бориб, у ерда Латиф билан учрашишади. Давлат рақами 85 708 ҒАА бўлган “Камаз” русумли машинага тўлдириб  юкланган кўмир 84-сонли мактабнинг кўмир сақлаш омборига тўкилади. Орадан 3-4 соатлар ўтганидан кейин Шухрат “А.Темур” МФЙга бурилиш жойида Ҳусан Ҳайитовнинг “Ласетти” русумли машинасининг қўл тормозининг олдига келишилган 9 млн. сўм пуллардан қолган 4 млн. сўм пулларни қўяди...

Аммо мўмай даромад туфайли кўзларида порлаган қувонч узоққа чўзилмайди. Орқасидан “Ласетти” русумли, оқ рангли машина изма-из келаётганини сезиб қолади. Спиртли ичимлик ичганлиги ва пулларни ноқонуний олганлиги сабабли қўрқиб, пулларни йўл-йўлакай машинасидан ташқарига улоқтира бошлайди... Шу ўринда бир савол туғилади: Мактаб жамоасининг, қишлоқдошлари ишониб топшириб қўйган юзлаб ўғил-қизларнинг таъбир жоиз бўлса, отаси ҳисобланган директор пулларни машина деразасидан улоқтираётганида, кўз олдига синфхоналар печига қаланаётган кўмир келдимикан ёки миллионлаб пулдан қаланаётган оловми ёки бармоқлари совуқдан титраб, дафтарига қинғир-қийшиқ ёзаётган болажонларми?

Ҳар ҳолда бироздан сўнг уни орқасидан кузатиб келаётган “Ласетти” автомашинасидаги департамент ходимлари билан бирга машина деразасидан йўл бўйлаб улоқтирган 4 миллион сўм пулларни қайта териб чиқади.

Департаментнинг Хатирчи туман бўлими маъмурий биносига келиб, у ерда ЙПҲХ ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилганида, у ҳақиқатдан ҳам спиртли ичимлик ичганлиги аниқланади. Шу билан бирпга Ҳ.Ҳайитов бу ишдан янги ҳамтовоғи Ш.Ҳасановнинг  қандай манфаатдор эканлигини билмаганлигини ҳамда суриштирмаганлигини, 84-сонли мактабга 16-17-октябрь кунлари олиб келинган жами 50 тонна кўмир маҳсулотлари учун унга Хатирчи кўмир омбори ходимлари томонидан бирор-бир ҳужжат тақдим қилинмаганлигини, уни олиб келиш учун юк хати расмийлаштирилганлигини, кўмир маҳсулотларини фуқаро Ш.Ҳасанов билан ўзаро келишиб сотишини, туман ХТБ таъминотчиси ушбу масалада у билан бирор марта гаплашмаганлигини, Хатирчи туман кўмир омбори мудири Латиф Исмоилов фуқаро Ш.Ҳасанов билан келишиб, кейин уни ушбу режаларидан хабардор қилганлиги боис, у ҳамма нарсадан хабари бўлган бўлиши мумкинлигини, содир қилган ҳаракатига иқрор ва пушаймонлигини, бу ҳолатни бошқа такрорламаслигини билдириб қонуний енгиллик беришни сўради.  

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судланувчининг мансабдор шахс бўла туриб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, фуқаро Ҳасанов Шухрат Олимович билан 84-сонли умумтаълим мактабига 2020-2021 йилги куз-қиш мавсумига ажратилган кўмир маҳсулотларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш мақсадида ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, ҳар бир килограммининг давлат нархи 330 сўмдан бўлган жами  9 млн. 900 минг сўмлик 30 тонна кўмир маҳсулотларини ҳар бир килограммини 550 сўмдан 16 млн. 500 минг сўмга сотишга келишиб, 2020 йил йил 17-ноябрь куни “Ўзбеккўмир” АЖ “Навоий кўмир етказувчи” филиалига қарашли Хатирчи туман кўмир омборига боришиб, омбор мудиридан тасдиқланган рўйхат асосида ушбу умумтаълим мактабига ажратилган жами 84 тонна 300 килограмм кўмир маҳсулотларини юк хати орқали қабул қилиб олиб, ихтиёрида бўлган ва унга ишониб топширилган кўмир маҳсулотларини мактабга олиб борилишини таъминламасдан, 30.000 кг. кўмир маҳсулотларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиш мақсадида Хатирчи туман ҳудудида фуқаро Э. Салимовга 16 млн. 500 минг сўмга сотган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланганлигини инобатга олиб, унга ва унинг бир гуруҳ жиноий шерикларига қонун доирасида жазо тайинлади.

Жиноятчилар албатта ўз жазоларини олишади. Аммо болаларнинг ҳаққи ўзгаларга буюрмаслиги, халқимиз тилида айтганда “тешиб чиққани” шу бўлса керак.  

Ҳ.Тухтаев, Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси,

З.ҲАМДАМОВ, Жиноят ишлари бўйича суди судья ёрдамчиси.

    Бошқа янгиликлар