2021 йилнинг 15 март куни соат 02:00да номаълум шахс Тошкент шаҳри, Миробод тумани “Миробод деҳқон бозори” ҳудудида жойлашган “Халқ банки” АТБ қарашли бўлган банкоматни темир жисм билан очиб, банкомат ичига жойлаштирилган сейфни бузишга уринган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.
Маълум қилинишича, сейф ичида 82.080.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари бўлган. Ўғри сейфни буза олмагач, ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни 26 ёшли Камолиддин Э., содир этганлиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Камолиддин Э.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,169-моддаси 3-қисми “в” банди (Ўғриликка суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.






