АсосийJamiyat

Тошкентда пулли паркоматлар ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси эълон қилинди

'Тошкентда пулли паркоматлар ташкил этиш бўйича қарор лойиҳаси эълон қилинди'ning rasmi

"Тошкент шаҳри марказий кўчаларида пулли автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш бўйича экспериментни амалга ошириш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига илова қилинган Низомга кўра, паркомат бу – шаҳар кўчаларида ва йўллар бўйлаб пулли автомобиль тўхташ жойларида махсус жиҳозланган ва йўл белгилар ва йўл чизиқлари билан белгиланган, автомобиль тўхташ жойида муайян вақтга автомобилни жойлаштириш вақтини ўлчаш учун мўлжалланган, пулли тўхташ жойи ҳисоблагичи бўлган механик, электрон ёки автоматик мослама. 

Ҳокимлик томонидан ташкил этилган паркоматларда пулли автомобиль тўхташ жойига жойлаштириш нархлари аҳолининг зичлик даражаси ва шаҳар кўчаларининг қатнов қисмларини ўтказиш қобилиятини ҳисобга олган ҳолда ҳокимлик томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нархларни белгилаш меъзонлари ва тартибига асосан белгиланади.

Нархларни белгилаш меъзонлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган паркоматларда автомобиль тўхташ жойига жойлаштириш нархи ва энг кам ҳисоб-китоб вақти давлат-хусусий шериклик шартномасига асосан белгиланади.

Паркоматдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш автомобиль тўхташ жойлари талонлари ва (ёки) шартнома асосида нақд ва нақд бўлмаган шаклда амалга оширилади.

Ҳақ тўлаш учун фойдаланувчи автоматик электрон тўлаш техник воситаларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Фойдаланувчи паркоматлардан фойдаланганлик учун тўловни олдиндан шартнома асосида нақд ва нақд бўлмаган шаклда электрон тизимлари ёки мобиль иловалар ёрдамида амалга ошириши лозим. Бунда фойдаланувчи паркомат ўрнатилган жойдан 10 дақиқа мобайнида бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тўловни амалга оширишда фойдаланувчи автомобилнинг давлат рақами, автомобиль тўхташ жойига келган санаси ва вақтини, тўхташ жойи номини (рақамини), автомобилни қанча муддатга жойлаштиришини кўрсатади.

Фойдаланувчи паркоматдан фойдаланиши учун олдиндан автоматик равишда автомобиль тўхташ жойи талонини олади.

Талонда автомобилнинг давлат рақами, фойдаланувчи паркоматга келган санаси ва вақти кўрсатилади. Бу автомобилни вақтинчалик жойлаштириш учун фойдаланувчи ва паркоматнинг эгаси ўртасида тузилган оммавий шартнома ҳисобланади.

Фойдаланувчи автомобилни сақлаш учунпаркоматда тўланган муддат ўтгандан сўнг автомобилни олиб чиқиб кетиши ёки кейинги муддатга тўловни ўрнатилган тартибда амалга ошириши керак бўлади.

Фойдаланувчи автомобиль тўхташ жойи талонини қўлига олгач, уни автомобиль асбоблар панелида назоратчи кўриши учун қулай жойга қўйиши шарт бўлади. Автомобиль тўхташ жойи талонига пулли автомобиль тўхташ жойи учун тўланган вақт ҳақида ахборот (автомобиль тўхташ жойи нархи – 1 соат, 1 соат 30 дақиқа ва ҳоказо), талондан фойдаланилган сана ва вақт киритилган бўлиши керак.

Паркоматларданпулли фойдаланиш вақти ҳокимлик томонидан белгиланади.

Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган паркомат иш режими ҳамда даромадларнинг (фойданинг) тақсимланиши давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда келишилган тартибда белгиланади.

Паркоматлардан бепул фойдаланиш ҳуқуқи фақат I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бошқараётган олд ва орқа ойналарига “7.17” йўл белгиси тасвири туширилган автомобилларга ҳамда махсус (Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги, ёнғин хавфсизлиги хизмати, тез тиббий ёрдам) автомобилларга улар бевосита автомобиль тўхташ жойи ҳудудида ўз хизматларини ўтаётган вақтда берилади.

 Шунингдек, лойиҳа Низомида паркоматлардан фойдаланиш тартиби, назоратчи ва фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган.


 

    Бошқа янгиликлар