Сенат Ахборот хизматининг маълум қилишича, “Mening fikrim” веб-порталида беш мингдан зиёд овозни тўплаган “Туман ва шаҳарларда янги яшил ҳудудларни яратиш ҳақида”ги электрон жамоавий мурожаат хат билан кўриб чиқиш ва тегишли қарорни қабул қилиш мақсадида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига киритилган.
Олий Мажлис палаталарининг Кенгашлари қўшма қарори билан тасдиқланган “Mening fikrim” веб-портали орқали электрон жамоавий мурожаатлар бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан белгиланган миқдорда қўллаб-қувватловчи овоз тўплаган мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича қарор қабул қилиш муддати мурожаат ваколатли давлат органига келиб тушган пайтдан эътиборан олтмиш кундан ошмаслиги (мазкур ҳолат бўйича 2020 йилнинг 21 октябрига қадар) белгиланган.
Бироқ, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ўрганганда, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан юқорида қайд этилган низом талаблари бузилганлиги, мазкур мурожаатнинг кўриб чиқилганлиги ва натижаси бўйича қабул қилинган қарор веб-портал модераторига бугунги кунга қадар тақдим этилмаганлиги аниқланди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Умаров томонидан “Mening fikrim” веб-порталида беш мингдан зиёд овозни тўплаган “Туман ва шаҳарларда янги яшил ҳудудларни яратиш ҳақида”ги электрон жамоавий мурожаатнинг кўриб чиқилганлиги ва натижаси бўйича қабул қилинган қарорнинг веб-портал модераторига тақдим этилмаганлиги юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаевга асослантирилган тушунтириш беришни сўраб сенатор сўрови юборилди.






