Бугун пойтахтда ҳар йили Наврўз байрамига бағишлаб ўтказиладиган Тошкент халқаро марафони учинчи бор старт олди.
Мусобақанинг очилиш маросими тантанали руҳда ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўз олиб, ташкил қилинаётган ушбу марафон муҳтарам Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзи тарғиботи йўлида катта ўрин тутишини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов ҳам иштирок этди.
Шундан сўнг дастлаб марафон ва ярим марафон, экиден марафон, сўнг 3 километр масофага ўтказилган беллашув иштирокчилари навбатма-навбат стартга чиқишди. Таъкидлаш жоиз, бу йилги пойга доирасида илк бор экиден марафони бўйича ҳам беллашувлар ўтказилмоқда. Ҳозирда 3 км масофага кечган пойга ғолиб ва совриндорлари номи маълум. Эслатиб ўтамиз, ушбу марафон трассаси халқаро сертификатга эга бўлиб, унда Олимпиада нормативини бажарган спортчилар Токио-2020га йўлланма олиши мумкин.
Эътиборингизга мусобақа жараёнидан бир қатор фотосуратларни ҳавола қиламиз:



















