Интернет ижтимоий тармоқларида балиқларнинг номаълум касаллик оқибатида нобуд бўлаётганлиги ҳақидаги хабарларга аниқлик киритиш мақсадида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси мутасадди раҳбарлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган балиқчилик хўжалигида етиштирилаётган балиқларда касалликка учраш ва нобуд бўлиш ҳолатлари ҳақиқатдан ҳам мавжудлиги аниқланди.
Мазкур касаллик аввалдан мавжуд бўлган сапролегниоз касаллиги бўлиб, уни келтириб чиқарувчи бир қанча сабаблари мавжуд.
Ҳозирда Балиқчилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари ва балиқчилик соҳасида юқори тажрибага эга мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда сув ҳавзасида ушбу касалликнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва уни бартараф этиш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Олиб борилаётган амалий жараёнларнинг натижалари юзасидан маълумотлар тақдим этиб борилади.






