29 мартдан барча умумтаълим мактабларида 4-чорак дарслари бошланади. Хабарингиз бор, баҳорги таътилдан аввал юртимиз ва шаҳримизда аҳоли, жумладан, ёшлар ўртасида коронавирус билан касалланиш кўрсаткичлари орта бошлаганлиги сабаб, вирус қайд этилиши кўпроқ кузатилган Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Юнусобод туманларида таълим онлайн шаклга ўтказилган эди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг Тошкент шаҳар бошқармаси маълумотига кўра, ҳозир ҳам ҳар куни 100дан ортиқ фуқароларда вирус аниқланмоқда. Ушбу эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда 4-чорак дарслари пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларида гибрид шаклда давом эттирилиб, таълим шаклини танлаш ота-оналарга ҳавола этилади.
Бугунги кунда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан мактабларнинг санитар ҳолати ва янги чоракка тайёргарлик ишлари карантин қоидаларинга тўлиқ риоя қилинган ҳолда ташкил этилишини қатъий назоратга олинди. Мактаблар маъмуриятига санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш бўйича аниқ топшириқлар берилган ва уларнинг ижроси тўлиқ назоратга олинган.
Эпидемиологик ҳолат оғирлашган туманларда, маҳаллий ҳокимлик органларига карантин талабларини кучайтириш чораларини кўриш ваколати берилганини инобатга олиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги касаллик кўпайган туман мактабларини онлайн таълим шаклига ўтказиши мумкин.
Бундай вазият юзага келмаслиги учун барчадан санитария-гигиена қоидалари ва карантин талабларига тўлиқ риоя этишни сўраймиз.
Ҳозирги шароитда болаларимизнинг ўқиш жараёнини тўлиқ ва сифатли ташкил этиш ижро ҳокимияти, мактаб маъмурияти, ота-оналар ва ўқувчилар орасида ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликда амалга оширилади.






