Бугун интернетнинг қайси тармоғига кирманг шу мавзу муҳокама қилинмоқда. Расмий интернет нашрларидан тортиб, қурувчи ёки деҳқонлар ҳам шу мавзуни муҳокама қилиш билан овора. Афсуски биз бу билан LGBT мавзусини ўзимиз билмаган ҳолда оммалашишига сабабчи ҳам бўляпмиз. Бу масалани кўтараётганларнинг мақсади ҳам шу асли.
Бу мавзуда гапираётганимизда кўз олдимизда содир бўлаётган муҳим бир масалага эътибор бермаяпмиз.
Ҳаётий мисол айтаман. Менга хизмат юзасидан кун давомида кўплаб интернет фойдаланувчилари савол йўллашади. Асосий саволлар ички ишлар органларига хизматга кириш ёки тизим билан боғлиқ бошқа масалаларда бўлади. Шу қатори бугунги кунда оммалашаётган бошқа мавзуларда ҳам мурожаатлар келиб туради. Уларни имкон қадар тегишлилиги бўйича масъул ташкилотларга йўналтиришга ҳаракат қиламан.
Гапнинг индаллоси, бугун менга ана шу каби кунлик мурожаатлар орасида бир савол келиб тушди. Мен эса нима қилишни, нима дейишни ҳам билмай қолдим. Энди буни кимга йўналтирай? Нима деб жавоб берай? Айни шу савол мақолани ёзишга ҳам мажбур қилди.
Саволнинг қисқача мазмуни қуйидагича эди;
• Ассалому алайкум. Мени саволим бор эди, мумкинми?
• Ассалом алайкум. Марҳамат.
• LGBT дегани бу нима? Шу ҳақида маълумот берсангиз илтимос.
• Кечирасиз, кимсиз, ёшингиз нечада?
• Интернетда LGBT ёшлари ҳақида гапиришяпти, ўзим ....... туманиданман, ёшим 16 да.
Ушбу савол эгаси 16 ёшли қизалоқ эди. Энди тушуняпсизми уларнинг мақсади нимага бориб тақалаётганини.
Интернетда бу мавзудаги видео, фото ёки ёзма мақолаларни таниш гуруҳларимизга тарқатиш орқали биз ташқаридан туриб миллатимизни, ёшларимизни онгини заҳарлашга ҳаракат қилаётган шахсларни мақсадига эришишида ёрдам беряпмиз.
Ҳаттоки баъзи расмий интернет нашрларининг кўчада юриб, ёши каттаю, кичиклардан LGBT ҳақида фикр сўраб чиқишлари, кейин унга анонслар тайёрлаб ижтимоий тармоқларда тарқатишдан мақсад нима?
Балки бунинг ёмон оқибатларини одамларга етказиш дерсиз. Унда сизга ҳақли бир савол?
Ҳар бир Сигарета қутиларининг устида тамаки инсонни ўлдириши, оғир хасталикларни келтириб чиқариши ҳақида, инсон ўпкасининг қўриб бораётган суратлари билан жойлаштирилган. Хўш, бу билан жамиятимизда чекувчилар йўқ бўлиб кетдими?, бирор чекувчи шу эслатмани кўриб сигарета чекишни ташлаб юборганини биласизми?
Унутманг, фикрлар хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, мавзунинг кенг тарқалиши давом этар экан, қайта-қайта эшитаётган одамларда шу ҳолатга нисбатан одатий нарса деб қараш пайдо бўлиб боради. Кейин эса ўша иллатни жамият орасига қўшиб юбориш осон кечади.
Қарши намойиш ўтказиш орқали нимага эришамиз?
Бесоқолбозликни тарғиб қилаётганлар бирор бир аҳоли гавжум жойга туриб олиб, видеони бўрттириш орқали мана биз намойиш ўтказяпмиз дейиши мумкин. Аслида эса улар 3,4 киши, орқа фонда қолганлар эса оддий фуқароларимиз бўлишади.
Шунда биз қизиққонлик қилиб уларга қарши намойиш ўтказишимиз мумкинлигини улар билишади. Табиийки бу чиқишимиз ҳам интернет тармоқлари, ОАВ орқали видеолар шаклида кенг тарқалади. Ҳукумат эса тинчликни сақлаш мақсадида, намойишчиларни қўлга олади. Кейин одамларда давлат LGBT аъзоларини ҳимоя қилаяпти деган фикр пайдо бўлади. Бу орқали, фуқаролар орасида давлатга қарши низо келтириб чиқарилади.
Шу тариқа мавзу то бора оммалашиб, тренд даражасига чиқиб боради. Қарабсизки бу иш сигарета чекиш каби, одатий ёмон бир иллатга айланиб қолади.
Ҳар куни эшитаётган ёшлар бу мавзудан ҳайратланмайдиган бўлиб боришади. Масалан, жанжалда ўз акасини пичоқлаётган укалар ҳақида доим кўриб, эшитиб келаётган ука бир куни акаси билан уришиб қолса ўша доим кўрган, эшитганлари бирров ҳаёлига келиб қолиши мумкин. Воқеанинг давоми унинг руҳий ҳолати ва характерига боғлиқ бўлади.
Мухтасар айтганда ҳозирги вазиятда LGBT тарафдорлари учун энг яхши жазо уларни эътиборсиз қолдириш. Тренд мавзуга чиқармаслик.
Қонунчиликка кўра мамлакатимизда бесоқолбозликка нисбатан жиноят кодексининг 120-моддаси билан жиноий жавобгарлик белгиланган. Ушбу қонун кучда экан, бу ишни қилганларга таъсир чоралари қўлланилади. Биз эса уларни писанд қилмаслик орқали рад этишимиз керак.
Бобур ТУЛЯГАНОВ
ИИББ Ахборот хизмати раҳбари






