Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи фуқаро ўз хохиши билан “марихуана”ни топширди. Бу ҳақда ИИВ ЖҚББ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармасининг Матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар берилишича, 16 март куни соат 10:00 ларда Ургут тумани “Саритепа” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Рнинг яшаш уйига борилганда, ушбу фуқаро ўз хохишига кўра яшаш уйи оғилхонасидан икки дона қора рангли целлофан пакетларга ўралган яшил рангли, ўткир ҳидли, қуруқ ҳолдаги “марихуана” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддаларни тақдим қилган ва улар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган.
Самарқанд вилояти ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, А.Рдан далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган ўсимлик моддаси таркибида фаол гиёҳванд модда “тетрагидроканнабинол” мавжуд бўлиб, ушбу моддалар “марихуана” гиёҳванд моддаси турига киришлиги ва умумий соф оғирлиги 130,7 граммни ташкил қилишлиги кўрсатилган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодекснинг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.






