АсосийJamiyat

Сенаторлар репродуктив саломатлик дарслари аксарият мактабларда номутахассис педагоглар томонидан ўқитилаётганлигига эътироз билдиришди

'Сенаторлар репродуктив саломатлик дарслари аксарият мактабларда номутахассис педагоглар томонидан ўқитилаётганлигига эътироз билдиришди'ning rasmi

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари, ёшлар, маданият ва спорт масалалари ҳамда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан  “Вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлашга оид долзарб масалалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. 

Ушбу тадбир Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Мактабгача таълим вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ҳамда бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда вояга етмаганларни репродуктив саломатлик масалалари бўйича ўқитиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий база яратилган.

Хусусан, бу жараён таълим ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари билан биргаликда вояга етмаган шахсларнинг ёши, психологик ва жисмоний ўзига хосликлари ҳисобга олинган ҳолда уларнинг оилалари билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқилган, махсус тасдиқланган дастурларга кўра амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда умумтаълим мактабларининг 1-4-синфларида “Саломатлик дарслари” ўқув курси атрофимиздаги олам, табиатшунослик, жисмоний тарбия фанлари, 5-8-синфларда “Соғлом авлод асослари”, 9-11-синфларда “Соғлом турмуш маданияти” ўқув курслари биология, технология, жисмоний тарбия фанлари доирасида ҳамда 9-10-синфларда биология фани доирасида репродуктив саломатлик, ўсмирлар физиологияси масалалари ўқитиб келинмоқда.

Бундан ташқари, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 1-11-синфларда “Тарбия” фани жорий этилиб, репродуктив саломатлик саводхонлигини оширишга қаратилган мавзулар киритилди.

Қолаверса, Халқ таълими, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва БМТнинг болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ва бошқа тузилмалари билан ҳамкорликда вояга етмаганларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш йўналишида тарғибот тадбирларини ўтказиб келмоқда.

Давра суҳбатида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжудлиги таъкидланди.

Жумладан, ёшлар орасида тиббиёт ва таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда соғлом оилани шакллантириш, ўсмирлар, айниқса, ўсмир қизлар репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг тарғибот ва тушунтириш ишлари ташкил этилмаяпти.

Бундан ташқари, давра суҳбатида сенаторлар томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар давомида умумтаълим мактабларида репродуктив саломатлик ва ўсмирлар физиологияси масалаларини ўқитиш масаласи Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган дастурлар асосида олиб борилмаётганлиги, шунингдек ушбу ўқув дастурларини махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар томонидан ўқитилиши белгиланган бўлса-да, аксарият мактабларда номутахассис педагог ходимлар томонидан ўқитилаётганлиги қайд этилди. Шунингдек, репродуктив саломатлик ва ўсмирлар физиологияси масалаларини ўқитиш учун алоҳида дарс соатлари ажратилмагани, айрим ҳолларда мазкур мавзулардаги машғулотлар дарслар оралиғидаги катта танаффуслар пайтида ҳам ташкил этилаётганлиги танқид остига олинди.

Қолаверса, тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган ўқув қўлланмалар, семинар-тренинг машғулотлари ўтказиш бўйича йўриқномалар умумтаълим мактабларига тўлиқ етказилмаган.

Тадбир якунлари бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилиб, унга соҳалардаги етук педагог, тиббиёт ходимлари, педагог-олимлар, психолог, диншунос, адабиётшунос ва жамоатчи ёшларни жалб қилиш, таълим дастурларига репродуктив саломатлик ва ўсмирлар физиологияси масалалари ўқитилиши юзасидан ижтимоий фикрни, хусусан мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ўртасида сўров ўтказиш, қолаверса, вояга етмаган шахсларнинг физиологик хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда, дастурлар ишлаб чиқиш, уларнинг оилалари билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Шунингдек, ишлаб чиқилган махсус дастур асосида танланган ҳудуд умумтаълим мактабларида синов тариқасида ўқувчиларни махсус тайёргарликдан ўтган ўқитувчилар томонидан ўқитилишини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Қайд этилган муаммо ва камчиликларни таҳлил этиш асосида давра суҳбати иштирокчилари томонидан вояга етмаганларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, таълим муассасалари ўқув режаларига репродуктив саломатлик ва ўсмирлар физиологияси бўйича тегишли ўқув юкламаларини киритиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Бошқа янгиликлар