АсосийJamiyat

Қарорлар ижросини охирига етказиш бўйича ҳудудларга ҳукумат вакиллари бириктирилди. Ким қайси вилоятга масъул?

'Қарорлар ижросини охирига етказиш бўйича ҳудудларга ҳукумат вакиллари бириктирилди. Ким қайси вилоятга масъул?'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Унда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳудудий тиббиёт бўлинмалари раҳбарлари бир ҳафта муддатда апрель ойида ва йил якунигача қиладиган ишлари бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб, аниқ режалари билан халққа мурожаат қилиши ва тизимда ўзгариш қилишга ваъда бериши айтилди.

Қайд этилишича, эртадан бошлаб қуйидаги раҳбарлар ҳудудларда қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини охирига етказишга шахсан масъул бўлади.

- Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев — Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятларига;

- Соғлиқни сақлаш вазири А.Ҳожибоев — Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига;

- вазирнинг биринчи ўринбосари А.Иноятов — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий вилоятларига;

- вазир ўринбосари Э.Боситханова — Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларига;

- Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Б.Юсупалиев — Жиззах ва Навоий вилоятларига;

- вазир ўринбосари А.Азизов — Самарқанд, Сирдарё вилоятларига бириктирилди.

Ушбу раҳбарлар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга 1 майга қадар Сирдарё вилояти ҳамда 26 та туман ва шаҳар тажрибасини республиканинг барча ҳудудларида бошлаш кераклиги таъкидланди.

Бунда, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббиёт бригадаларини ташкил этиб, тиббий хариталарни шакллантириш, аҳолини 4 та хавф гуруҳига ажратиб, манзилли кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишларини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.

    Бошқа янгиликлар