АсосийSport

Водийдан Самарқандга велосипедда йўл олган отахонлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, ҳамда МОҚга ташриф буюришди (фото)

'Водийдан Самарқандга велосипедда йўл олган отахонлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, ҳамда МОҚга ташриф буюришди (фото)'ning rasmi

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–6099-сонли Фармонини кенг тарғиб қилиш мақсадида амалга оширилаётган ташаббуслар кенг қулоч ёймоқда. Куни кеча фарғоналик бир гуруҳ отахонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари доирасида Фарғонадан Самарқандгача велосипедда йўлга чиқишган эди.

Ушбу ташаббусга қўшилган фарғоналик 27 нафар нуронийлар ва отахонлар велосипедда Самарқандгача бўлган масофани босиб ўтиш орқали аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишни мақсад қилишган. Веломарафончилар 31 март куни Фарғона вилояти Қўштепа тумани Маданият марказидан йўлга чиқишди. Отахонлар соатига ўртача 20-25 км масофани босиб ўтган ҳолда бугун Тошкент шаҳрига етиб келишди. Улар дастлаб Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, шундан сўнг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюришди. Ушбу отахонларнинг энг кичиги 58, энг каттаси 79 ёш ҳисобланади. Бу ҳақда "Даракчи" мухбири Марям САТТОРОВА хабар бермоқда.

Нуронийлар ва отахонларни Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди.

“Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни кенг тарғиб қилишда ёшларга шахсий намуна кўрсатиб, азим Самарқанд шаҳрига қараб велосипедда йўлга отланган экансиз, бу борада сизларга куч-қувват ва сабр-тоқат тилайман. Ўйлайманки, сизлар бошлаган ташаббус янада кенг қулоч ёяди ва ортингиздан яна кўплаб юртдошларимиз эргашади», - деди вазирликда ташкил этилган учрашувда Авазжон Каримов.

Шундан сўнг, ўзбекона урф-одатларни четлаб ўтмаган ҳолда меҳмонларга шу ернинг ўзида мўъжазгина дастурхон ёзилди. Қолаверса, эсталик совғалари ҳам топширилди. Отахонлар дуо қилиб ҳуш кайфият билан йўлга тушишди.

Навбатдаги манзил эса, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бўлди.МОҚда ўтган тадбирда меҳмонларни Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Азизжон Камилов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов бошчилигидаги мутасаддилар қарши олишди. Унда сўзга чиққан расмийлар ёши улуғ ушбу ҳамюртларимизнинг соғлом турмуш тарғиботи йўлида олиб бораётган бундай ташаббусларини юксак баҳолаб, бунинг учун ташаккур изҳор қилишди. Тадбир давомида велосаёҳатчиларга МОҚ номидан эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Сўнгра, фарғоналик нуронийлар Самарқанд шаҳри томон йўлга тушишди. Режа бўйича улар 4 апрелда, яна 3 кундан кейин кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига етиб боришни мақсад қилишган.

Бошқа янгиликлар