2021 йилнинг 30 март куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги хонадонлар табиий газ таъминотидан узилиб қўйилганлиги ва қайта уланишда юзага келаётган муаммолар туфайли “Қибрайтумангаз” таъминоти корхонасида кўплаб аҳоли навбатда туриб муаммоси ҳал бўлмаётганлиги кескин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Туман газ таъминоти корхонаси тақдим этган маълумотга кўра, жорий йилнинг 25-30 март кунлари ҳолатига 3 269 нафар абонентда истеъмол қилинган газ учун қарийб 5,8 млрд сўм қарздорлик бўлганлиги учун автоматик равишда газ таъминотидан узилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколати доирасида истеъмолчиларнинг (номуайян доираси) ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, Қибрай туманидаги вазиятни жойига чиққан ҳолда ўрганди.
Агентлик ахборот хизмати хабар беришича, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 30 март ҳолатига газ тармоғидан ўчирилган 1 463 нафар табиий газ истеъмолчилари томонидан тўлов амалга оширилгандан сўнг газ таъминоти жойида қайта тикланишига эришилди.
Агентликка жорий йилнинг ўтган даврида газ таъминоти масаласида келиб тушган 921 та мурожаатларнинг 312 таси мурожаат табиий газдан бўлган асоссиз қарздорлик билан боғлиқ масалаларга тўғри келади.
Аслида асоссиз қарзлар қаердан пайдо бўлаяпти?
Мазкур ҳолатлар Агентлик мутахассислари томонидан ўрганилганда, истеъмолчиларда юзага келаётган асоссиз қарздорликларнинг келиб чиқишига асосий сабаб, ҳисоблагичларни ечиб олиш жараёнида таъминотчи корхоналар томонидан тегишли далолатнома тузилмаётганлиги ва кейинчалик ушбу абонентларнинг таъминотчи корхонада шакллантирилган электрон ҳисоб варақлари (“Биллинг” тизими)даги кўрсаткичлари билан ҳисоблагични ечиб олинган кундаги амалдаги (ҳақиқатда) кўрсаткичлари ўртасидаги фарқларнинг мавжудлиги сабабли юзага келмоқда.






