Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати маълумотига кўра Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида “Бошпочтамт” божхона постига хориждан юборилган, почта декларациясида “ўйин қурилмаси” дея кўрсатилган почта жўнатмасини қабул қилиш учун келган 3 нафар фуқаролар жўнатмани қабул қилиб олишганида тўхтатилиб текширилди.
Натижада, мазкур жўнатмадаги “ўйин қурилмаси” ичида оғирлиги 47,32 грамм синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида жўнатмани қабул қилувчи шахс бошқарувидаги “Ласетти” автомашинаси ҳам кўздан кечирилди. Натижада, автомашинада наркотик моддаларни ўлчаш, тақсимлаш ва тарқатишда фойдаланилган 2 дона электрон тарози, 18 дона изолента, 2 дона канцелярия пичоғи, металл чойқошиқ, кўп миқдордаги полиэтилен пакетчалар ва бошқа ашёлар борлиги аниқланди.






