Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг томидан ўзини ташламоқчи бўлган фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ҳақда УзА хабар бермоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, ички ишлар бўлимига тўққиз қаватли уйнинг томидан ўзини ташлаш билан таҳдид қилаётган киши ҳақида хабар келиб тушади. Ушбу хабардан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси патруль-пост хизмати батальони иккинчи отряд автопатруль ходимлари сафдор Шарапат Толегенов ва Рустем Қанназаров воқеа жойига тезда етиб боради.
Ҳақиқатдан ҳам ходимлар шу манзилда бир оёғини том деворидан осилтирган ҳолда ўтириб, ўзини ташлашга шай турган кишини кўради. Бу орада Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ҳам келиб, хавфсизлик чораларини кўришни бошлайди.
Вазиятни тўғри баҳолаган ходим Р.Қанназаров ўзини томдан ташламоқчи бўлган фуқарони гапга солиб чалғитади. Иккинчи ходим Ш.Толегенов эса чаққонлик билан тепага чиқиб, уни ушлаб қолишга муваффақ бўлади ва пастга олиб тушади.
Аниқланишича, ўз жонига қасд қилган фуқаро мазкур кўп қаватли уйда яшовчи, илгари судланган, маст ҳолатдаги Т.Т. бўлган. Олиб борилган профилактик суҳбатда юзага келган оилавий келишмовчиликни шу йўл билан ҳал этмоқчи бўлганини ҳам маълум қилган.






