Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги умумтаълим мактабида директор ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган 35 ёшли Ҳ.М. жорий йилнинг 31 март куни соат тонгги 4-30 ларда вақтинчалик ижарада яшаб келаётган хонадонда турмуш ўртоғининг жонига қасд қилди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди раиси М.Райимовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, 1992 йилда туғилган турмуш ўртоғи М.М. нинг телеграмдаги ёзишмаларини ўқиб қолиши ва ўрталарида келиб чиққан ўзаро жанжал ушбу мудҳиш ҳодисага сабаб бўлади.
Жанжал оқибатида Ҳ.М. яшаш хонадони меҳмонхонасида ўткир тиғли ошхона пичоғи билан М.М. нинг чап бўйин соҳасига икки маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган.
Ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизасининг бирламчи хулосасига кўра, М.М.нинг ўлимига «бўйин соҳасида санчилиб-кесилган тан жароҳатидан кўп қон кетиши» сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди томонидан айбланувчи Ҳ.М. га нисбатан «қамоқ олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.






