Чортоқ туманида таъминотчи корхона ва банк муассасаси масъуллари имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирганлиги фош этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чортоқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТБ “Микрокредитбанк” Чортоқ филиали масъул шахслари таъминотчи корхона раҳбарлари билан олдиндан тил бириктириб, 15 нафар фуқаро номидан “Х.Р.”фермер хўжалиги билан 226,1 млн сўм, “С.М.” МЧЖ билан 60 млн сўм, “Ч.Қ.” МЧЖ билан 40 млн сўм ва “Ch.B.” МЧЖ билан 23 млн сўм имтиёзли кредитларни сохта ҳужжатлар орқали расмийлаштириб, фуқароларга маҳсулотларни етказиб бермасдан ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






