АсосийJamiyat

"Кимдир мактабларга чин дилдан ёрдам беради, кимдир фақат хато қидиришга ҳаракат қилади" – Вазир

'"Кимдир мактабларга чин дилдан ёрдам беради, кимдир фақат хато қидиришга ҳаракат қилади" – Вазир'ning rasmi

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, мактабларга ёрдам бераётган  давлат ва нодавлат идоралари, тадбиркорларга ўз миннадорчилигини билдирар экан, таълим муассасаларидаги  камчиликларни айтиб, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилаётганлар ҳақида ҳам ўзининг телеграм саҳифасига ёзиб қолдирди.

Вазирнинг таъкидлашича, президентнинг  ҳамма ўзи ўқиган мактабига китоб совға қилиш кераклиги ҳақида ташаббуси ортидан кўпчилик раҳбарлар томонидан нафақат ўз мактабига, балки умуман мактаб тизимига ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатлар бошланган.  

"Авваллари мактаб таъмирига асосан Инвестиция дастури орқали маблағ ажратилган бўлса, ҳозирда нафақат ушбу дастур маблағлари ортиб бормоқда, балки ҳудудий ҳокимликлар тасарруфида қоладиган маблағларнинг мактабларга кўпроқ ажратишга ҳаракат бўлмоқда. Бу борада энг яхши кўрсаткичга эга ҳокимларимизга миннатдорчилик сифатида “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони ҳам берилмоқда.  

Кейинги, учинчи манба эса, ҳомийлар ва битирувчилар маблағлари бўлиб, кўпгина битирувчиларимиз мактабларига бориб чин дилдан ёрдам кўрсатдилар. Уларнинг бу кўмаклари учун миннатдорчилик билдирамиз.  

Мактаблардаги моддий-техник ҳолат бўйича йиғилиб қолган муаммоларни кўплигини билганимиз учун ҳам барчани мактабга ёрдам беришга сафарбар қилиш ҳаракатидамиз. Лекин баъзилар бизнинг ички дардимизни юзимизга солиб, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилишдан нарига ўта олмаяпти. Ҳар қандай мансабдор шахс, сенаторми, депутатми, вазирми ёки бошқа раҳбар агар ҳақиқатда Президентимиз чақириқларига кўра мактабга ёрдам бераман деса, ўз имкониятидан келиб чиқиб ҳам ёрдам бериш йўлларини топа олади" – деб ёзади вазир.

Ёзилишича, баъзи рахбарлар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, бюджетдан ташқари маблағларни ҳам топиб, мактабларга чин дилдан ёрдам беришга ҳаракат қилишяпти. Ҳатто, бир катта идора раҳбари мактабларга қўшимча телевизорлар бериш бўйича ташаббус кўрсатиб, ОАВда ёритмасликни айтган. 

Адлия вазири катта рақамлаштириш лойиҳаси тугаганидан кейин бўшаган 2,5 мингдан ортиқ компьютерларни мактабларга ўтказишга ёрдам берган. Улар ўқитувчилар хоналарига қўшимча компьютер сифатида қўйилиши маълум қилинган.

" - Бундан ташқари, куни кеча Шовот туманидаги Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернатининг тубдан янгиланишига мактаб битирувчилари ва тадбиркорларни жалб қилиб, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига хавас қилишга арзийдиган шароитлар яратишга ҳиссасини қўшди.  

Мактаблардаги муаммоларимизни юзимизга солиш ўрнига, уларга ёрдам бериш имкониятларини топадиган шундай раҳбарлар ва инсонлар кўпаяверсин.  

Шундагина биз биргаликда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган Президентимиз ғояларини тўлақонли амалга ошира оламиз", дея хулоса қилади Шерзод Шерматов.

    Бошқа янгиликлар