Куни кеча ижтимоий тармоқларда Нуробод тумани марказига яйлов йўқлигидан норози халқ қўйларни ҳайдаб келингани акс этган видеолавҳа муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан сўнг, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳолат ўрганилиб, туман ҳокимининг қарори бекор қилиниб, Нуробод тумани Тошқудуқ массивида жойлашган яйлов ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига олинди.
Айни пайтда мазкур масала вилоят прокуратураси томонидан ўрганилди.
"Ўрганишлар натижасида, тумандаги “Қиличли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан яйловлардан ижара шартномаларисиз бепул фойдаланиш илинжида мазкур яйлов майдонида 4 000 бошдан ортиқ қўйлар боқилаётганлиги важ қилиб кўрсатилиб, кластер раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар “кўзини қўрқитиб қўйиш” мақсадида фермер хўжалигига тегишли бўлган 1450 бош қўйлар туман марказида жойлашган Нуробод тумани ҳокимлиги ҳудудига ҳайдаб келинганлиги аниқланган.
Шундан сўнг, вилоят прокурори Равшан Машарипов, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси раиси Эркин Хайитов ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда кенг жамоатчилик, ОАВ вакиллари ва оқсоқоллар иштирокида маҳаллий аҳоли билан учрашиб, қоракўлчилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича суҳбат ўтказиб, яйловлардан фойдаланиш тартиби ва ҳуқуқий асослари тушунтирилди", - дейилади расмий хабарда.






