“Yoshlar kundaligi” телеграм каналида Бўка туманидаги 49-мактаб ўқувчисининг: “Илтимос, Президент бобо бизга мактабимизни қайтариб беринг, қийналиб кетдик” дея йўллаган видео мурожаати эълон қилинди.
Мурожаат юзасидан Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси муносабати билдирди.
"Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан ёшлар сиёсатига, уларнинг замонавий таълим олишига катта эътибор қаратилиб, ёш авлодга замонавий ва сифатли таълим бериш учун ижтимоий соҳага давлат бюджетидан ҳар йили катта миқдорда маблағ ажратилиб, инвестиция дастури асосида умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш бўйича аниқ манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4936-сонли қарорига асосан 2021 йилда Тошкент вилоятида Инвестиция дастурига мувофиқ жами 39 та мактабларга, жумладан 4 та янги қурилиш, 22 та реконструкция ва 13 та капитал таъмирлаш ишлари учун 203 млрд. сўмлик маблағ ажратиш режалаштирилган.
Бўка туманидаги 49-сонли умумтаълим мактабининг асосий биноси 2005 йил қурилган бўлиб, 2016 йил тўлиқ таъмирдан чиқарилган. Таълим муассасаси 170 ўринга мўлжалланган бўлиб, хозирда 209 нафар ўқувчи 1.2 коффицентда таълим-тарбия олиб келмоқда. Шунингдек, 49-сонли мактабининг "Қорақудуқ" МФЙдаги филиалида 52 нафар ўқувчи таълим олган.
Мактабнинг мазкур филиали биноси 1980 йилда пахсадан қурилганлиги, ўтган йиллар мобайнида таъмирланмаганлиги, фойдаланишга яроқсизлиги ва таъмирталаблиги сабабли 2020 йилда вақтинча фаолияти тўхтатилган.
Бугунги кунда филиал ўқувчиларига таълим-тарбия бериш мактабнинг асосий биносида давом эттирилмоқда. 49-сонли мактаб филиали ва мактабнинг асосий биноси ўртасидаги масофа 3 км 300 метрни ташкил этади. Таълим муассасасининг асосий биносида ўқувчиларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилган бўлиб, компьютер хоналари, спорт майдончаси ва турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
Бўка туманидаги 49 мактабнинг Қорақудуқ МФЙ ҳудудидаги филиали биносини маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 2021-2022 ўқув йили бошлангунга қадар таъмирлаб, фойдаланишга топшириш бўйича маҳаллий ҳокимлик билан келишиб олинди.
Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан мазкур филиал фаолиятининг кейинги ҳолати алоҳида назоратга олиниб, бу ҳақида қўшимча маълумотлар бериб борилади", - дейилади хабарда.






