АсосийSport

Тошкент бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогига мезбонлик қилиши маълум бўлди

'Тошкент бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогига мезбонлик қилиши маълум бўлди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 апрелдаги 14-сон йиғилиш баёни ижросини таъминлаш ҳамда спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг 2021 йил учун республика календарь режасига мувофиқ шу йил 13-18 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги мусобақаси ўтказилади.

Мазкур турнир пойтахтимиздаги Гимнастика бўйича Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида бўлиб ўтади. Бугун, мазкур жаҳон кубоги мусобақасининг ташкилий масалаларига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, ишчи гуруҳ раиси Равшан Эрматов, МОҚ раиси Рустам Шоабдурахмонов ва федерация мутасаддилари, шунингдек бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда кўтарилган асосий масала, мазкур нуфузли турнирни юқори савияда ўтказиш, унга ҳар сафаргиданда жиддийроқ тайёргарлик кўриш, мусобақа жараёнларини телеканаллар орқали бевосита жонли эфирда ва ижтимоий тармоқлар орқали ёритиш, қўриқлаш, қўйингки барча ташкилий масалаларга тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, мусобақага тайёргарлик кўраётган терма жамоамиз аъзоларининг бир гуруҳига «Спорт устаси» унвонлари топширилди ва бўлажак мусобақада қизларимизга омад тилашди.

«Биз ҳар доим сизлар билан биргамиз. Қаерда ва қандай мусобақада иштирок этманг, сизларни Ватан қўллаб-қувватлаётганини ҳис қилишингиз керак. Яна бир неча кундан сўнг бўлиб ўтадиган жаҳон кубоги мусобақасида ҳам омад ёр бўлишини тилайман», - деди Равшан Эрматов.

Учрашув давомида гимнастикачи қизлар томонидан спорт мутасаддиларига эсталик совғалари тақдим этилди. Тошкентда бўлиб ўтадиган жаҳон кубоги мусобақаси Олимпиадага йўлланма берувчи 4 та мусобақанинг иккинчиси ҳисобланади. Ушбу мусобақанинг биринчиси шу йил 24-29 март кунлари Болгариянинг София шаҳрида ўтказилди. Иккинчиси эса 13-18 апрель кунлари Тошкентда ўтказилса, кейингиси 5-10 май кунлари Озарбайжон пойтахти Бокуда ташкил этилади ҳамда сўнгги турнир 26-31 май кунлари Пезаро (Италия)да бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Лицензияларни шахсий кўпкураш бўйича фақат 2019 йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмаган ва уч турда максимал балл тўплаган энг яхши уч нафар гимнастикачи (ҳар бир мамлакат учун максимал 1та) қўлга киритади. Эътиборли жиҳати, ушбу чемпионатда Токио-2020 Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритган спортчилар ҳам баҳслашади. Йўлланма қўлга киритган спортчилар учун ушбу мусобақа кейинги мусобақаларга тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

Мазкур нуфузли мусобақада Дина ва Арина Аверина (Россия), Боряна Калаин (Болгария), Лина Ашрам ва Никол Зеликман (Исроил), Анастасия Салос ва Алина Гарнаско (Белорусия), Кахо Минагава (Япония) каби 32 давлатнинг энг кучли гимнастикачилари ўз маҳоратларини яна бир бор намойиш этишади. Турнирда жами 66 гимнастикачи индивидуал ҳамда 12 та жамоа гуруҳ бўлиб машқ бажаради.

Мазкур жаҳон кубоги мусобақасига терма жамоамиз қизлари Сабина Ташкенбаева ва Екатерина Фетисовалар ҳам жиддий тайёргарлик олиб бормоқда. Шунингдек, гимнастикачи қизларимиз гуруҳ баҳсларида ҳам ўз омадларини синаб кўришади. Аммо, ушбу дастурларда олимпиядага йўлланма ўйналмайди.

Маълумот учун, шу кунга қадар мамлакатимиз гимнастика бўйича кўплаб халқаро мусобақаларга мезбонлик қилган. Жумладан, 2004 ва 2005 йилларда жаҳон кубоги, 2010 йилда эса Осиё чемпионати юртимизга ишониб топширилган ва шундан бери ҳар йили мамлакатимиз катта мусобақаларга мезбонлик қилиб келмоқда.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар