АсосийJamiyat

Санкт-Петербургда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди

'Санкт-Петербургда Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди'ning rasmi

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ҳамда икки томон туроператорлари ўртасида Б2Б учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм ва Спорт вазирлиги маълум қилди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов топшириғи билан ўтказилаётган ушбу тадбирлар Санкт-Петербург соҳа вакиллари орасида катта қизиқиш уйғотди.

Санкт-Петербургда ўтказилган Ўзбекистоннинг зиёрат туризм тақдимот маросимини Туризм ва спорт вазири маслаҳатчиси Ўткир Саидов очиб берди ҳамда йиғилганларга сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳаси ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва ислоҳотлар ҳақида сўзлаб, тадбир қатнашчиларини диёримизга саёҳат қилишга чорлади.

Шундан сўнг Россия географик жамияти, Россиянинг Маданият вазирлиги тарихий ва диний туризм бўйича мутахассиси Владимир Дербенёв сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон энг фаол мамлакат бўлганини эътироф этиб, ҳамкорлик нуқтаи назаридан Санкт Петербург учун муҳим ўринлардан бирини эгаллашини таъкидлади. “Икки томон ў ртасида туризмни, шу жумладан зиёрат туризмини ривожлантириш жуда муҳим, зеро бу бизнинг маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Шундай экан, биз ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва авиарейсларни ошириш тарафдоримиз”, - деди В.Дербенёв. Шунингдек, у 1-апрелдан эътиборан Тошкентдан Москвага рейслар очилганини ва бундан кейин Ўзбекистон ва Россия ўвртасидаги авиақатновлар сони ошишига тилакдош эканини айтиб ўтди.

Ўзбекистон делегацияси шунингдек, муфтий, Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий минтақаси мусулмонлари диний идораси раиси шайх Равил ҳазрат Панчеев билан учрашишди. Шунингдек, Равил Панчеев Мир Aраб мадарасасининг 500 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тадбирга таклиф этилди.

Бундан ташқари, тадбирда Ўзбекистон тарихий меʼморий ёдгорликларини сақлаш ва замонавий меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантиришга катта аҳамият берилаётгани, виза режимини либераллаштириш, чет эл фуқароларини рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, мамлакат туризм саноатини ривожлантириш мақсадида имтиёз ва преференсиялар бериш бўйича ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон ва Санкт-Петербург шаҳарлари ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва  Санкт-Петербург туроператорлари Б2Б форматида учрашувлар доирасида янги туристик йўналишлар ва турмаҳсулотлар ишлаб чиқиш, ўзаро манфаатлик ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга келишиб олишди.  

Бундан ташқари, Петербургда тадбир иштирокчилари учун гастрономик бойлигимиз ҳисобланган палов тайёрланиб, ўзбекона дастурхон ёзилди.

Тадбир йиғилганларда катта таассурот қолдирди ва улар бу каби тарғибот тадбирларини тизимли равишда ўтказиш истагини билдиришди.

Санкт-Петербург ва Шимолий-Ғарбий Федерал округнинг туристик кластери раҳбари Лилия Сорокина шундай деди: “Бугун биз қизиқарли ва ажойиб тадбирда қатнашдик. Тақдимотда жуда муносиб компаниялар иштирок этишди, биз албатта улар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Бу Санкт-Петербург аҳолиси учун ажойиб таклиф. Умид қиламизки, ушбу турдаги имкониятлар бизнинг саёҳацеварлар дастурларида муносиб ўрин эгаллайди”.

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консули Aлишер Бабаев Санкт-Петербург аҳолисининг зиёрат туризмига Ўзбекистонга қизиқиши юқори экани, мамлакатимизнинг маданияти, тарихий ва маданий ёдгорликлари, меҳмондўстлиги ва бой тарихи сайёҳларни мафтун этиши, Санкт-Петербург туроператорлари Ўзбекистонга сайёҳларнинг янги оқимини юборишга астойидил тайёргарлик кўраётганини қайд этди. Шунингдек, у Россиянинг шимолий пойтахтида фаолият юритаётган сайёҳлик компаниялари мамлакатнинг Шимоли-Ғарбий федерал округи аҳолиси учун Ўзбекистонга янги турпакетларни йўлга қўйишни режалаштираётганини маълум қилди.

Санкт-Петербург шаҳрига ташриф буюрган делегация таркибидан Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Халқаро ислом академияси, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси вакиллари ўрин олди.

Учрашувлар якунида Туризм ва спорт вазирлиги Санкт-Петербургдаги зиёрат туризм тарғибот тадбирларини ўтказишда яқиндан ёрдам берган Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасига ҳамда консуликка миннатдорчилик билдиради.

    Бошқа янгиликлар