Бухоро вилояти Олот туманида жойлашган «Imronnike» МЧЖ омборхонасида 9 апрель куни ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ёнғин-қутқарув хизматига 9 апрель куни соат 15:45 да Бухоро вилояти Олот тумани Халифа маҳалласида жойлашган «Imronnike» МЧЖ ҳудудидаги омборхонада ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Хабар асосида воқеа жойига 7 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 15:52 да етиб борган.
Қайд этилишича, кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 16:20 да қуршаб олиниб, 18:26 да тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида корхона омборхонаси ички қисмининг тахминан 200 квадрат/метр майдони ёниб зарарланган. Ёнғиндан объектнинг 400 квадрат/метр майдони сақлаб қолинган.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат оқибатида тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.






