АсосийJamiyat

Ўзбекистонда банк карталарининг чиқарилиш ва муомалада бўлиши бўйича янги тартиб жорий этилди

'Ўзбекистонда банк карталарининг чиқарилиш ва муомалада бўлиши бўйича янги тартиб жорий этилди'ning rasmi

Марказий банк бошқаруви томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ҳамда «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ, республика ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.

Низомга мувофиқ, банк картаси сақловчисининг рухсатисиз бошқа шахс банк картасидан фойдаланиши мумкин эмас. У банкнинг – карта эмитентининг мулки ҳисобланади. Шу билан барга, карта қалбакилаштиришдан ва ундан ноқонуний фойдаланишнинг бошқа турларидан ҳимоя қилиниши зарур бўлади.

Бундан ташқари, банк картасининг амал қилиш муддати карта сақловчиси ва эмитент ўртасида тузилган шартномага ёки банк карталари воситасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган тўлов тизими ҳамда банклараро тўлов тизими операторлари томонидан ўрнатилган қоидаларга мувофиқ белгиланади.

Бундан ташқари, низомда қуйидагилар белгиланган:

- Банк карталарининг турлари;

- Банк карталарини эмиссия қилиш тартиби;

- Эмитентнинг, банк картаси сақловчисининг, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

- Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий ва чет эл валютасидаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби;

- Банк карталари билан ҳисоб-китобларни, банк картасидан фойдаланилган ҳолдаги тўловларни амалга ошириш тартиби;

- Банк картаси сақловчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

- Эквайернинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари олдидаги жавобгарлик чегараси;

- Процессинг ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

- Банк карталари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиладиган ахборотларни ҳимоя қилиш;

- Банк картаси билан операцияларни амалга оширишни тўхтатиш ва банк картасини муомаладан чиқариш тартиби.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3 апрелдан бошлаб кучга кирган.

Бошқа янгиликлар